Америкалик машҳур флейта ижрочиси Вивиана Гузман Самарқандга келди

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон давлат филармонияси таклифига биноан юртимизда бўлиб турган Америка қўшма штатларининг машҳур флейта ва пуфлама чолғулар ижрочиси Вивиана Гузман хоним Самарқанд шаҳрига келди.
Вивиана Гузман Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлими билан ҳамкорликда санъат соҳасида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар билан учрашди. Учрашувда меҳмон флейта ва пуфлама чолғулар чалиш маҳорати бўйича Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчилар учун маҳорат дарси ўтди.
- Дунёнинг 128 та давлатида бўлиб, у ердаги санъат, маданият билан танишдим, тажриба алмашдим, - дейди Вивиана Гузман хоним. – Аммо Ўзбекистон, айниқса, Самарқанднинг миллий қўшиқ ва рақслари, оҳанглари мени ўзига ром этди. Санъатсевар ёшларга флейта ва пуфлама чолғу асбобларини чалиш сирларини ўргатишим баробарида, ўзим ҳам ўзбек ёш созандаларидан айрим миллий мусиқа асарларини чалишни ўргандим.