Арманистон армияси Пашинян ва ҳукумат истеъфосини талаб қилди
Арманистон Қуролли кучлари Бош вазир Никол Пашинян ва ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда. Бу ҳақда республика Қуролли кучларининг бош штаб-квартираси баёнотида айтилди.
«Арманистон Бош вазири ва ҳукумати арман халқи учун ўта муҳим ва ҳал қилувчи вазият – Тоғли Қорабоғ масаласида етарли даражада қарор қабул қила олмаяпти. Мавжуд вазият муносабати билан Арманистон Қуролли кучлари Арманистон Республикаси Бош вазири ва ҳукумати истеъфосини талаб қилиш билан бирга фарзандлари Ватани ва Арцахни ҳимоя қилишда ҳалок бўлган одамларга қарши куч ишлатмаслик ҳақида огоҳлантирмоқда”, деб ёзади ҳарбийлар.
Пашиняннинг истеъфоси тўғрисидаги талаб 40 дан ортиқ юқори мартабали ҳарбийлар томонидан имзоланди, дея хабар берди "Новости Армении".
Бир кун олдин Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиб «Ватанни қутқариш ҳаракати» мухолифати Ереван давлат университети биносига бостириб кирди.
23 февраль куни ҳукумат бинолари мажмуаси яқинида Пашиняннинг истеъфосини талаб қилган намойиш пайтида Ереван полицияси 57 кишини ҳибсга олди. Ўша куни минглаб ҳаракат тарафдорлари маҳкама раҳбари билан учрашишни талаб қилиб, Арманистон полицияси биносини тўсиб қўйишди, деб хабар қилди «Дашнакцутюн» партияси вакили Ишхан Сагателян.
Активистлар Пашинян истеъфосини Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолаганидан сўнг талаб қила бошлашди. Пашинян битимни қон тўкилишини тўхтатишнинг ягона усули деб атади. Ўтган йилнинг 25 декабрида у асосий мухолифат кучлари муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш тўғрисида меморандум имзолаши шарти билан истеъфога чиқишга тайёрлигини, унга қадар у амалдаги мақомини сақлаб қолишини эълон қилди. Мухолифат бу ташаббусни рад этди.