Боку Арманистонни Тоғли Қорабоғ билан боғлайдиган Лочин йўлида назорат-ўтказиш пункти ўрнатди
Озарбайжон Давлат чегара хизмати назорат-ўтказиш пункти “инсон кучи, қурол-яроғ ва миналарнинг ноқонуний олиб ўтилишига йўл қўймаслик” кераклигини таъкидлади. Арманистон бу иддаоларни қатъиян рад этмоқда, дейилади BBC хабарида.
“Озарбайжон ҳукумати 2020 йил 10 ноябрдаги Уч томонлама баёнотга зид равишда Арманистон томонининг Лочин-Хонкенди йўлидан ноқонуний мақсадларда мунтазам, кенг кўламда фойдаланилаётгани ва келиб чиқадиган хавфсизликка таҳдидни ҳисобга олиб, Озарбайжон ва Арманистон чегарасидаги йўлнинг бошланғич нуқтасида назорат ўрнатиш бўйича тегишли чоралар кўрди”, — дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.
Ўзини атроф-муҳит фаоллари деб атаган озарбайжонлик намойишчилар томонидан ўтган йил декабридан тўсиб қўйилган Лочин йўлаги орқали эркин ўтишга рухсат беришни Озарбайжонга жорий йил февралида БМТ Олий суди юклаган эди. Бунга жавобан Арманистон Озарбайжон ҳукуматининг ташаббуси ва розилиги билан ҳаракат қилганини даъво қилиб, блокадани “этник тозалаш”га уриниш деб атаса, Боку расмийлари йўлак блокадасига алоқадорлигини рад этмоқда.
Лочинда 2020 йилдан буён Россия тинчликпарвар кучлари патруллик қилади. Бироқ Арманистон бир неча бор Москвани Украинага бостириб киргандан кейин тинчликпарварлик миссияси доирасидаги мажбуриятларини бажармаётганликда айблаган.
Халқаро ҳамжамият Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми деб билади. 2020 йилги олти ҳафталик уруш давомида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофидаги ҳудудларнинг Арманистон кучлари ушлаб турган асосий қисмини назоратга олди. Россия воситачилигидаги тинчлик келишуви билан якунланган жангларда 6500 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани маълум.