Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон ўртасида Анқара декларацияси имзоланди
Кеча, 29 январь куни Туркия президенти Ўзбекистон ва Озарбайжон делегацияларини қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов президент Шавкат Мирзиёевнинг мактубини Туркия раҳбарига етказди.
“Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг энг самимий саломлари ва мактубини етказдик. Раҳбарларимиз ўртасида ўрнатилган биродарлик ришталари ҳар бир соҳада яқин ҳамкорлик қилиш учун энг мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Минг йиллик тарих, анъана ва урф-одатлар билан боғлиқ бўлган халқларимиз фаровон келажакни барпо этиш йўлида бир-бири билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”, дея ёзди Бахтиёр Саидов.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Анқарага форумда иштирок этиш учун борган эди. Мазкур йиғилишда Ўзбекистон номидан ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов иштирок этди.
Бахтиёр Саидовнинг қайд этишича, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ташқи ишлар, савдо, иқтисодиёт ва транспортга масъул вазирлар билан биргаликда ташкил этилган иккинчи уч томонлама учрашувдаги муҳокамалар кенг қамровли бўлиб, энг долзарб масалаларни ҳал этиш ва мамлакатлар учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш билан бирга турли тўсиқларни бартараф этиш бўйича аниқ қадамларни белгилаб берди.
Учрашувнинг асосий натижаси халқларнинг барқарор ривожланиши учун дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлган Анқара декларациясининг имзоланиши бўлди. Мазкур декларацияда, жумладан, транспорт ва минтақавий алоқалар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси белгиланган.
Декларацияда уч давлатнинг бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегараларининг дахлсизлигини қатъий қўллаб-қувватлашлари тасдиқланади, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг умумтан олинган принцип ва нормаларига риоя қилишларини қайд этади. Унда, шунингдек, уч давлат ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган яқин стратегик шериклик ва ҳамкорликни ривожлантириш борасида кейинги қадамларни қўйишга тайёрлиги қайд этилган.
Анқара декларациясини имзолаш жараёнида томонлар инфраструктурага оид масалалар, божхона амалиёти, қонунчилик мутаносиблиги, электрон хизматларни кенгайтириш, савдо йўналишидаги тўсиқларни бартараф қилиш ҳамда ҳамкорликдаги лойиҳалар юзасидан келишиб олди.