Озарбайжон ННТлари - Самарқандда
Президентнинг жорий йил 26 августдаги тегишли фармони билан юртимизда ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ташкил этиш белгиланди.
Жорий ҳафталик доирасида пойтахтда Ўзбекистон ва Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотлари форуми ўтказилмоқда.
Форумда иштирок этиш учун келган Озарбайжон делегациясининг 20 нафар аъзоси Самарқандга келди. Ташриф доирасида меҳмонлар "Дўстлик уйи"да ҳам бўлиб, вилоятда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, турли диаспора вакиллари билан учрашди.
Дастлаб улар "Дўстлик уйи"нинг фаолияти билан таништирилди. 47 та нодавлат нотижорат ташкилоти, хусусан, 11 та миллий маданият маркази жойлашган бинода барча шароитлар яратилган, тадбирлар ўтказиш учун 4 та фаоллар зали, музей бор. “Хайрли ният” етим болалар ва ногиронлар хайрия жамияти, маданият ва санъат ходимларининг “Эъзоз” ассоциацияси, Озарбайжон миллий маданият маркази вилоят бўлинмаси фаолияти, уларнинг аъзолари ижод наъмуналари кўргазмаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Шоим Кенжаев юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳусусида тўхталди. “Сабр” республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ижрочи директори Мадина Раҳимова, республика болалар ижтимоий мослашув маркази Самарқанд минтақавий филиали директори Отабек Қосимов Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг қонуний асослари, ижтимоий масалаларни ечишдаги ўрни ва вазифалари ҳақида маълумот берди. Делегация аъзолари ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга ҳам жавоб олди.
— Ўзбекистонга иккинчи маротаба келишим, - дейди Озарбайжон "Нуронийлар" кенгаши раиси ўринбосари Рамин Гасанли. – Биринчи навбатда Самарқандни зиёрат қилишни мақсад қилдик. Боиси, бу маскан биз учун ҳам, қардош бошқа миллат вакиллари учун ҳам муқаддас жой ҳисобланади. Ўйлайманки, форум доирасида йўлга қўйиладиган ҳамкорлигимиз давлатларимиз ва халқимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ташриф доирасида меҳмонларнинг муқаддас қадамжолар, тарихий обидаларга саёҳати ташкил этилди.