Ароқнинг хурмача қилиқлари
2019 йил ноябрь ойининг бошларида Дилшоднинг (исмлар ўзгартирилган) қўшниси Ғолиб ака ўғлига суннат тўй қилди. Дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ...
Тўйга Дилшод ака-укалари билан бориб, қўшнилари Баҳодир, Мавлон, Фурқат, Жамшид ва Достонлар билан бир стол атрофида ўтириб, овқатланди, ароқ ичди. Ароқ хотирани яхшилармикан, у Жамшид билан олдин бўлган ўзаро келишмовчилиги, яъни укаси ва унга ҳақоратомуз муносабатда бўлганлиги сабабли ўзаро тортишиб қолганлигини эслади. Ўз навбатида, тўйда ҳам Жамшид ароқ таъсирида уни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилди.
Ғазабдан гезарган Дилшод тўйда кўп ўтирмасдан, жанжалнинг олдини олиш учун укаси Акмал, амакилари Ғиёс ва Зоирлар билан уйга қайтди.
Акаси Хуррам эса тўйхонадан келавермагач, укаси Акмал билан тўйхонага бориш учун кўчага чиқди. Шу пайт Жамшид билан укаси Баҳодир маст ҳолатда тўйхонадан қайтаётганлигини кўриб, тортишиб қолмаслик учун уйга қайтаётганида Жамшид уни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб бақирди. Табиийки, иккаласи ўзаро айтишиб қолди. Жамшид унинг кўкрагига муштлаб қолгач, Дилшод бунга жавобан унинг дуч келган жойига уриб, тепди.
Воқеа жойига ҳар иккаласининг қариндошлари йиғилиб, жанжалнинг олдини олиш ўрнига барчаси бир-бирларини қўлларига илинган нарса билан ура бошлади.
Шу орада Дилшодни кимдир урди, зарба таъсирида у ариққа йиқилиб тушди. Жаҳл билан шу ерда ётган калтак бўлагини олиб ариқдан чиққан Дилшод рўпарасида турган Жамшиднинг акаси Дилмуроднинг ўнг оёғига бор кучи билан урди. Дилмурод оғриқдан бақириб, ерга йиқилиб тушади.
Яхшиям, қўни-қўшнилар уларни ажратишди, улар ким кимни урганлигини англай ҳам олмасдан қолганди.
Уйига олиб киришганида Дилшоднинг қўли кесилганлигини кўриб, турмуш ўртоғи латта билан боғлаб қўйди. Жанжал оқибатида Дилмурод оёғи синиб, оғир, ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳати олган эди.
Судда иш ҳолатлари тўлиқ текширилиб, тўпланган далилларга ҳуқуқий баҳо берилди. Шу билан ароқ ўз мақсадига етди. Бироқ жанжалда Дилшод айбдор бўлиб қолди ва унга жазо тайинланди.
Абдусаттор АБДУРАЗЗОҚОВ,
жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг раиси.