Барча воситалар фуқароларга ёрдам режимида
Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга оширилган туб ислоҳотга ҳам етти йилдан ошди. Унгача ҳолат қандай бўлганини бугун кўпчиликнинг эслагиси келмайди. Ҳужжатбозлик, уларни тасдиқлатиш учун эшикма-эшик юриш, масъулларнинг “қовоғи”га қараб “иш битириш”дан барча чарчаган эди. Ислоҳот сабаб бу муаммолардан қутулдек, инсон қадри қарор топди.
Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг ўтган вақтида фуқароларга 105 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилди. Эътибор беринг, бу бор йўғи 8 ойлик кўрсаткич. Унинг таркибига ID карта олиш (341199 та), хорижга чиқиш паспортини олиш (11700 та) сингари мураккаб хизматлар ҳам киради. Эътиборлиси, фуқаролар улардан фойдаланиш учун уйидан чиқмаган ҳолда, Ягона портал орқали буюртма бериши ҳам мумкин.
Марказнинг ўзида ҳам барча воситалар фуқароларга ёрдам режимида ишламоқда. Унинг кириш қисмида жойлаштирилган электрон навбат аппарати одамларнинг бир жойда тўпланиб қолиши, тартибсиз келиб чиқишининг олдини олади. Аҳолига қулай муҳит яратиш мақсадида бинода мутолаа бурчаги, болалар хонаси, тамадди қилиш учун шохобча ташкил этилган. Марказ ҳафтанинг шанба куни ҳам иш фаолиятини давом эттириб, фуқароларга ишидан ажралмаган ҳолда давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратмоқда.
Ҳожибек ИСОҚОВ,
Самарқанд шаҳар Давлат хизматлар маркази
катта мутахассиси.