Байрамда кўнгилсизлик рўй бермасин
Янги йил каби орзиқиб кутиладиган байрам бўлмаса керак. Кўчалар, уйлар байрамона безатилади, арчалар ўрнатилади. Бу байрам, айниқса, болажонлар учун эсда қоларли воқеаларга бой бўлиши мумкин. Фақат бу унутилмас онлар киши кўнглини хира қилмайдиган бўлса қанийди...
Кечагидек эсимда. Бошланғич синф ўқувчиси эдим. Мактабимиз ҳовлисида арча ўрнатилиб, уни ўқувчиларнинг қўл меҳнати орқали тайёрланган ўйинчоқлар билан безатиш кераклиги айтилганди ва танлов эълон қилинганди. Кимнинг ясаган безаги арчага илинадиган бўлса, танлов ғолиби ҳисобланарди. Мукофоти ҳам шу ясалган нарсанинг арчага илиниши эди. Бу биз, олис қишлоқ болалари учун жуда катта мукофот эди. Арчада ўзимизнинг ясаган нарсамизни кўрмасак, байрам байрамдек бўлмасди.
Ўша пайтда рангли қоғоз топиш ҳам муаммо эди. Шунинг учун ўтган йили тутган эски дафтарларимнинг ортиб қолган оқ варақларидан қор парчалари, турли рангдаги муқоваларидан эса занжир ясаб мактабга олиб борганман. Мен ясаган қор парчалари ҳам, занжир ҳам катта арчанинг безаги бўлган. Безатилган арчага кўзим тушса, ўша ҳолат ёдимга келади. Ҳар Янги йил байрамида оиламиз билан дастурхон атрофида йиғилганимизда бу воқеани хурсандчилик билан эслаб, айтиб бераман.
Укам эса аксинча, Янги йил байрамини унчалик хуш кўрмайди.
- Синфимизда бор-йўғи 9 нафар бола бор эди, - дейди у. – Уларнинг бири мактаб директорининг қизи, бири синф раҳбаримизнинг ўғли, яна 4 нафари ўқитувчиларнинг фарзандлари. Мен ва яна икки боланинг ота-онаси - оддий ишчилар. Ҳар куни мактабга уй вазифасини аъло даражада бажариб борардим. Дарснинг ярмигача қўл кўтариб, турардим. Аммо устозимиз уй вазифасини аввал директорнинг қизидан, кейин ўзининг ўғли ва ўқитувчиларнинг фарзандларидан сўрарди. Менга навбат етгунча вақт ўтиб кетиб қоларди.
Укамнинг аввал яхши ўқиб, кейинчалик нега сустлашиб қолганини шу суҳбатдан сўнг англаб етганман.
- Янги йил байрами арафасида синфни безаш учун қоғоздан ўйинчоқлар ясаб келиш топшириғи берилди, - дея сўзида давом этди у. – Ўшанда аямга рангли қоғоз сотиб олиб беришини сўраб, роса хархаша қилганман. Дадам истагимни бажариш учун қўшнидан қарз олиб, туман марказига бориб рангли қоғоз сотиб олиб келганди. Кечаси билан ухламасдан, рангли қоғознинг оқ томонига чизғич билан чизиб, қайчи билан бир хил ўлчамли қилиб қирқиб, 10 метрлик занжир ясаганман. Қўлимда кўтариб бораётган ранг-баранг занжиримни кўрган киши борки, ҳавас билан қарарди. Ҳатто директорнинг қизи ҳам қойил қолганди. Аммо у устоз барибир меникини қабул қилмаслигини, унча чиройли чиқмаган бўлса ҳам унинг ясаб келган занжирини деразаларга илишини айтди ва устоз синфга кириб келиши билан югуриб бориб, қийшиқ-мийшиқ қирқилган икки хил рангдаги қоғоздан ясалган занжирни узатди. Ортидан мен ҳам занжиримни устозга бердим. “Устоз, унинг занжирини олманг, қизлар ясаб келган занжирларни илайлик, у ўғил болаку, меникини илмасангиз хафа бўламан”, деди йиғламсираб директорнинг қизи. Устоз унинг айтганини қилди. Меникини қайтариб бериб, “уйингда турсин, сақлаб қўй, келаси йил сеникини иламиз”, деди. Эсингиздами, опа, ўша занжирни қайтариб олиб келиб, печкага солганман. Ҳар Янги йил байрамида шу воқеани эслаб, асабийлашаман. Бу байрам нишонланишини умуман истамайман.
Суҳбатимизга акам қўшилди.
- Асабийлашма, жигарим! – дейди у укамга қараб. – Тани-жонинг соғ, шукур қил. Сенинг бу гапларингни қўшнимиз Абдураҳмон аканинг невараси айтса ярашади. Сабаби, айнан шу байрам олдидан болалар ўйинчоқ деб биладиган “пақилдоқ”нинг дастидан юзи куйиб қолибди. Шифокорларнинг айтишича, кўзига ҳам ёмон таъсир қилибди. Ногирон бўлиб қолиши мумкин экан...
Дилноза ҲАСАНОВА.