Билимга айланаётган ўйинларнинг нега ўзбекчаси йўқ?
Тиш шифокорига болаларни олиб бориш қанчалик азоблигини ота-оналар жуда яхши билишади. Болаларнинг тишини даволайдиган стоматологлар хонасида йиғи овози тез-тез қулоққа чалиниб қолади. Шифохонага бориб, навбатда тургандим, икки қизалоқнинг онаси билан тиш шифокорига борганда нималар қилиш кераклигини бурро-бурро гапириб бераётганига гувоҳ бўлдим. Қизалоқлар бир-бирига гап бермай шифокорнинг асбоблари қандай ғириллаши-ю дўхтир опа озгина жизиллатиб укол қилиб юборганига индамай ўтирса, ҳаммаси ўтиб кетишини қувноқ оҳангда айтиб бераётганди.
Ростдан ҳам 4-5 ёшли қизалоқлар қабулга киргач, йиғламади ҳам. Онасидан бу ҳолнинг сирини сўрадим.
- Фарзандларингизни шифокорга келишга обдон тайёрлабсиз-да?
- Бола фақат айтилган гапга кўнмайдику. Ютуб орқали болани тиш шифокорига олиб боришга тайёрлаш бўйича мультфильм ва босқичма-босқичли ўйинлар бор, ўшалардан кўпроқ фойдаландим, - деди.
Умуман, кундалик ҳаётда биз билган, билмаган турли ҳолатлар бўйича болаларнинг барча саволларига бугун ота-оналарнинг ўзлари ҳам кези келганда жавоб топа олмай қолади. Кейинги пайтда мактабгача таълим ёшидаги болаларни кузатарканман, уларда мана шу билимлар болалигиданоқ шаклланаётганига гувоҳ бўламан.
- Нега фақат хориж каналларидаги мультфильм ва кўрсатувларни кўрасан, - сўрайман ҳали олтига кирмаган болакайдан. Ўзимча унинг жавобидан кейин болакайга миллийликка иштиёқ, ўз тилини ҳурмат қилиш, қадриятларимиз намойиш этиладиган ўз каналларимизни кўришдан «ваъз» ўқимоқчи эдим.
- Биласизми, - деди у худди катталардай салмоқ билан гап бошлаб. – Бу «мультик»да космос ҳақида зўр маълумотлар айтилган. Воқеалар ҳам шунақа зўр тасвирланганки, худди космосга бориб қолгандай бўласиз. Масалан, сиз қайси сайёра ҳақида яхши биласиз, ўша бўйича ҳозир сизга савол бераман?
Болакай шу тариқа мени саволларга кўмиб ташлади ва бу борадаги билимларимни ҳам тўлдирди.
- Ютубдаги ўзбекча мультикларда бунақасини тополмайман-да. Шунинг учун рус тилидаги каналлардагини кўраман, - деди.
Болалар эрта улғаяяпти, деган хаёлга бордим. Бу ҳақда доим ўқисам, гувоҳи бўлсам-да, уларнинг кўп нарсаларни эрта билаётгани, ҳатто кўпчилиги янги билим излашга ўзи иштиёқ билдираётганидан кўз юмолмаймиз.
- Ўғлим кўпинча ютубдаги каналларда болаларни ривожлантирувчи турли ўйин ва кўрсатувларни томоша қилади, - дейди самарқандлик Малика Эшмуродова. – Кўпинча ошхонада юрганимда сувнинг қайнаш даражаси-ю розеткага темир буюмлар суқилиши қандай оқибатларга олиб келиши, ўсимликларнинг қай тартибда ўсиб-ривожланиши кабиларни гапириб беради. У буларнинг барини ўша, ютубдаги каналлардаги ўйинлар орқали ўрганаётган экан. Кейинчалик бу ўйинларни биргаликда бажарадиган бўлдик. Бу боламни назорат қилишга, кейинроқ эса унга ана шу маълумотларни эслатиб қўйишимда асқотадиган бўлди.
Бу аёлнинг ҳали беш ёшга тўлмаган фарзанди ҳам рус тилида шу каби ўйин, мультфильмларни томоша қиларкан. Хориж каналларидаги болаларнинг иқтидорини намойиш қилувчи кўрсатувларни ўзим ҳам бир неча марта томоша қилдим. 4 ёшли болакайнинг юзлаб сатр шеър ёд олгани, ҳали бешга кирмай юзлаб давлатлар ҳақида маълумотга эгалиги, бир неча тилни билиши, олти ёшли қизалоқнинг тиббиёт соҳасидаги терминларни адашмай айтиши, юзлаб рангни ажратиб кўрсатиб бериши...
Аслида болаларнинг кичик ёшидаёқ табиат ва жамиятдаги, кундалик турмушдаги жуда муҳим қоидаларни ўрганишида баъзида ота-оналарнинг ҳафсала қилмаслиги, баъзида етарли тушунчага эга эмаслиги ҳам сабаб бўлади. Кейин суриштирсам, жониворларга нисбатан меҳр-шафқат, табиатнинг турфа хиллигию, музлаткичнинг нега совиши, сувни нега қайнатиб ичиш кераклиги, совуқ сув ичса нега томоқ оғриши каби минглаб саволларга жавоб топадиган турли ўйинлар бор экан. Бу ўйинлар боланинг қизиқишлари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилиши баробарида уларнинг дунёқарашини кенгайтиришга ҳам хизмат қилар экан. Ақлни пешловчи, дунёқарашни кенгайтирувчи, мантиқий фикрлашни ривожлантирувчи ўйинлар ўзбек тилида ҳам бўлса, ҳеч бўлмаса таржима қилинса, яхши бўларди. Уларни ишлаб чиқиш масаласи ўртага ташланса нур устига аъло нур. Юқоридаги каби иқтидорли болакайларни кашф этадиган миллий кўрсатувлар пайдо бўлса дейман.
Гулруҳ Мўминова.