Бир асрлик шонли тарихига эга Янги Ўзбекистон кампуси

Самарқанд давлат тиббиёт университети – Марказий Осиёда энг кўҳна тиббиёт олийгоҳларидан бири ҳисобланади. Олий таълим муассасаси 95 йил муқаддам ташкил этилган бўлиб, ўзининг шонли тарихи давомида қанчадан-қанча етакчи олим, профессор, академикларни етиштириб чиқарди.

Тиббиёт олийгоҳи тарихига назар соладиган бўлсак, Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Советининг 1930 йил 7 майдаги 80-сонли қарори билан Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон давлат тиббиёт институти (ЎзДТИ) ташкил этилган. Бу даврда Марказий Осиёда тиббиёт олий таълим муассасаси йўқ эди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин Самарқанд давлат тиббиёт олийгоҳи алоҳида ривожланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 1 апрелда “Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш ва кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан юртимизда фаолият олиб бораётган 11 та тиббиёт олийгоҳлари орасидан Самарқанд давлат тиббиёт институтига биринчилардан бўлиб университет мақоми берилди.

Университет бунинг учун зарур бўлган барча нарсага эга. Жумладан, кучли илмий-педагогик потенциал, бой моддий-техник база ва малакали тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг кўникма ва тажрибалари мавжуд.

Бугунги кунда Самарқанд давлат тиббиёт университети таркибида кўп тармоқли клиника, ихтисослашган болалар хирургик клиникаси, Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти, Л.М.Исаев номидаги Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти ва унинг клиникаси, Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази, Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази фаолият кўрсатиб келмоқда.

Кейинги йилларда университетнинг янги ўқув кампуси, “Симуляцион маркази”, Л.М.Исаев номидаги Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институтининг янги биноси, хирургия маркази янги биноси барпо этилди ва сўнгги русумдаги қурилмалар билан замон талабларига мос равишда жиҳозланди.

Университетнинг халқаро майдондаги нуфузи ва фаоллигини ошириш мақсадида бугунги кунда 200 га яқин хорижий олий ўқув юртлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик битимлари тузилган. Ҳамкорлик битимлари асосида университетда қўшма таълим дастурлари жорий этилиб, педиатрия, стоматология, даволаш иши (бакалавриат) ва бошқа таълим йўналишлари ташкил этилди.

Таълим муассасасида “Биология ва тиббиёт муаммолари”, “Доктор бюллетени”, “Биотиббиёт ва амалиёт” каби саккизта илмий-амалий журнал ҳамда жамоавий монографиялар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Замон талабларига жавоб берадиган техник воситалар билан жиҳозланган Ахборот-ресурс марказида китоблар фонди 334 055 тани ташкил қилаётган бўлса, электрон кутубхона базасида 69 299 га яқин адабиётлар мавжуд. Электрон кутубхонада SCOPUS, EBSCO, SPRINGER, MEDLINE, GEOTAR-Media каби халқаро илмий маълумотлар базасидан фойдаланилиб келинмоқда.

Бугунги кунда университетда 700 дан ортиқ профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 78 нафари DSc, 368 нафари PhD илмий даражаларига, 39 нафари профессор, 150 нафари доцент илмий унвонларига эга. Бунинг натижасида бугун университетнинг илмий салоҳияти 62 фоиздан ошди.

Биргина жорий йилда 120 нафар профессор-ўқитувчи илмий диссертация ишларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, университет тарихидаги рекордни янгилади. Бундан ташқари, 85 нафар докторант ва 423 нафар мустақил изланувчи илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

Жорий ўқув йилида университетда 48 та магистратура мутахассисликлари, 53 та клиник ординатура ихтисосликлари, 17 та миллий ва қўшма таълим дастурлари ҳамда 8 та факультетдаги 16 мингга яқин талабага профессор-ўқитувчилар таълим бериб келмоқда. Шунингдек, университетда 16 та давлатдан 4500 га яқин хорижлик талаба-ёшлар таҳсил олмоқда.

Халқаро нуфузли рейтингларда ҳам университет яхши натижаларни кўрсатаяпти. Масалан, Times Higher Education рейтингида мамлакатимизнинг 30 та олий таълим муассасаси ичида Самарқанд давлат тиббиёт университети 10-ўриндан жой эгаллади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, университет халқаро рейтинглардан бири бўлмиш YuniRang тизимида Ўзбекистон бўйича биринчи ўринни қайт этмоқда.

Университет бугунга қадар сифатли ва юқори технологияли инновацион таълим дастурлари орқали кўплаб талабаларни ўзига жалб қилиш баробарида бир қатор халқаро миқёсдаги ютуқларга ҳам эришиб келмоқда. Жумладан, “ECAQA” (Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида аккредитация ва сифатни таъминлаш бўйича Евроосиё маркази) мустақил аккредитация ва рейтинг агентлиги томонидан Самарқанд давлат тиббиёт университетининг таълим фаолияти сифатининг жаҳон стандартлари ва мезонларига мувофиқлиги таҳлилдан ўтказилди ҳамда 2030 йилга қадар амалда бўладиган халқаро институционал аккредитация сертификатига сазовор бўлди.

Энг қувонарлиси, жорий йилда дунёнинг энг нуфузли халқаро рейтинг тизимларидан бири ҳисобланган Times Higher Education (THE) томонидан эълон қилинган THE Impact Rankings 2025 натижаларига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт университети илк бор республикамизда тиббиёт олий таълим муассасалари ичида биринчилардан бўлиб дунёнинг энг яхши 1000 та олий таълим муассасалари рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади. Бу ютуқлар университет жамоасининг тинимсиз ва машаққатли меҳнатларининг самараси десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Элдор ТАНГИРОВ,

Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори.