Бир бош жўжага 9 минг, чорвага эса 2 миллион сўмдан субсидия ажратилади

Лекин бугунги кунгача четдан келтирилган наслли жўжаларнинг бир донаси учун ҳам бундай маблағлар берилмаган.

Вилоят Чорванасл агентлиги директори Шуҳрат Ташпўлатовнинг маълум қилишича, 600 минг бош наслли жўжа учун, 9 минг бош чорвага субсидия ажратиш режалаштирилган.

Қайд қилиш лозимки, ажратиладиган субсидиялар фақат тегишли уюшмаларга аъзо бўлган субъектларга хориждан келтирилган наслли ҳайвонлар учун берилади.

Маълумотга кўра, "Жомбой наслли Парранда" фермер хўжалигининг 146,6 минг, "Навобод наслли парранда" фермер хўжалигининг 88,3 минг бош наслли жўжалари учун субсидия ажратиш учун республика ташкилотига мурожаат қилинган.

Ҳисоб-китобларга кўра, Венгрия давлатидан келтирилган “ROOS-308” зотли жўжалар учун 2 миллиарддан кўпроқ маблағ тўланиши керак. Бироқ бугунги кунгача бирор сўм субсидия маблағлари ажратилмаган.

Эслатиб ўтамиз, бу борада Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Мазкур ҳужжатга кўра, хориждан импорт қилинган жўжалар наслдор бўлиш билан бирга, жорий йилнинг 29 январидан кейинги шартнома асосида олиб келинган бўлиши керак.

Ўйлаймизки, вилоят Чорванасл агентлиги чет элдан белгиланган миқдорда наслдор жўжалар келтирилиши ва уларга қайтарилмайдиган маблағлар ажратилишини кўриб чиқмоқда.