Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда қорамоллари фермернинг экинини пайҳон қилган фуқаро 4 миллиондан зиёдроқ жарима тўлади

Лазизбек 2019 йил 12 июнда соат 18:00 ларда икки бош қорамолларини Иштихон туманидаги фермер хўжалиги майдонига тушириб, ғалла майдонини пайҳон қилган. Фермернинг мурожаатига асосан туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассисларининг хулосаси билан етказган зарар миқдори аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан маъмурий суднинг қарорига асосан Лазизбекка жарима жазоси тайинланган.

Бироқ Лазизбек етказилган зарарни қоплаб бермаган. Шу боис, фермер хўжалиги фуқаролик ишлари бўйича судга даъво билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Суд ишида Лазизбек фермер хўжалиги раиси билан етказилган 4 миллион 320 минг сўм зарар ўрнига 2 миллион сўм бир йўла нақд пул тўлашга келишиб, ушбу миқдордаги маблағни фермер хўжалиги раисига берганлигини билдирди. Бироқ мазкур ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни судга тақдим эта олмади.

Бундан ташқари, Лазизбек биринчи инстанция судида иштирок этган вақтда фермерга зарар суммасини тўламаганлиги тўғрисида кўрсатма берган бўлсада, суднинг қароридан норози бўлиб апелляция шикоятини берган.

Иш бўйича тарафларнинг тушунтиришини, гувоҳнинг кўрсатмасини, прокурорнинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақидаги фикрини тинглаб, шикоятдаги важларни ишда мавжуд ҳужжатлар асосида таҳлил қилиб, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Хусан АКОБИРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг катта мутахассиси.