Қишлоқ хўжалиги: кураш тўғри йўлга қўйилмаса зараркунанда ва касалликлар ҳосилнинг ярмини йўқотиши мумкин
Ҳар қандай давлатда озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти барқарорлигига эришиш ва сақлаб туриш, маҳсулотлар нархи ва миқдори кескин ўзгаришининг олдини олиш асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд вилоятида ҳам қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик соҳасида, пахта, ғалла, сабзавот ва полиз экинлари етиштириш ҳамда халқни арзон ва экологик тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашга энг асосий масалалардан бири сифатида қаралади албатта.
Соҳадаги асосий муаммолардан бири қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандалари ва касалликларидир. Керакли ҳимоя чоралари кўрилмаганда экинлар ҳосилининг 50-60 фоизи нобуд бўлиши мумкин.
2024 қишлоқ хўжалик йилида қиш мавсуми нисбатан илиқ камёғин бўлиб зараркунанда ҳашаротлар ва касалликларнинг ривожланиши учун қулай шароит бўлиши сабабли вилоятимиз экин майдонларида ҳам қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандалари кўп учраши башорат қилинди. Экинларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти Самарқанд минтақавий филиали ходимлари томонидан кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда 2023 йил давомида жойлардаги фитосанитар назорат давлат инспекторлари томонидан ғаллада 94230 гектар майдонда, боғзорларда 23853 гектар майдонда, токзорларда 30417 гектар майдонда, сабзавот 26987 гектар майдонда, полиз экинида 1565 гектар майдонда ҳамда иссиқхоналарда 348 гектар майдонда кузатув назорат ишлари ўтказилган.
Соҳа олим ва мутахассислари томонидан жорий йилда ғалла майдонларидан бир йиллик икки паллали бегона ўтлар 94,2 минг гектар майдонда, икки паллали бегона ўтлар 60 минг гектар майдонда, бошоқли бегона ўтлар 55,0 минг гектар майдонда, “занг” ва бошқа касалликлар 94,2 минг гектар майдонда ҳамда 42,8 минг гектар майдонда зараркунандалар тарқалиши башорат қилинган.
Ғалла ниҳолларини ўз вақтида яхши ривожланиб, ҳосилдорлигини ошириш, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини ошириш мақсадида ҳар 5 гектарига 1 тадан жами 18,8 минг дона шарбат ўралар қазиш ва гектарига 3 тоннадан жами 282,4 минг тонна маҳаллий ўғит чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ғалла майдонларида 18,8 минг дона шарбат ўралар қазиш ишлари ҳамда 290,1 минг тонна маҳаллий ўғит чиқариш тадбирлари тўлиқ бажарилган.
Ғўза майдонларида 24 минг гектар майдонда шира-трипс, 30 минг гектар майдонда ўргимчаккана, 26,4 минг гектар майдонда кўсак қурти зараркунандалари тарқалиши башорат (прогноз) қилинган.
Башоратга нисбатан ғўза майдонларида шира-трипсга қарши 46,7 минг гектар ёки (193,8%), ўргимчакканага қарши 34,6 минг гектар ёки (103,2%), кўсак қуртига қарши 27,1 минг гектар ёки (108,1%) майдонга пахта тўқимачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан кимёвий воситалар захираси тўлиқ яратилди.
Қишлоқ хўжалик экинларидан экологик тоза маҳсулот етиштириш учун экинларни зараркунанда ва касалликлардан биологик усулда ҳимоя қилиш, заҳарли кимёвий препаратларни камроқ ва режали ишлатиш зарурлиги бугунги кунда ҳаммага аён. Бунда вилоят хўжаликларидаги биолабораторияларнинг самарали ишлаши ҳам муҳим. Ҳозир вилоят туманларида жами 32 та биолабораториялар фаолият юритмоқда. Уларда қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши қўлланиладиган трихограмма, бракон ва олтинкўз каби биологик маҳсулотлар етиштирилади. Жумладан, 2023 йилда ғўза майдонларида шира-трипсларга қарши 171,3 минг гектар, ўргимчакканага қарши 255,5 минг гектар майдонга олтинкўз, кўсак қуртига қарши профилактика мақсадида 278,3 минг гектар майдонга трихограмма, 224,1 минг гектар майдонга бракон биомаҳсулотлари билан биологик ишловлар ўтказилди.
Ғўза майдонларида кўсак қурти капалагини тарқалиши ва ривожланишини назорат қилиш учун ҳар гектарига бир донадан жами 75,3 минг дона феромон тутқичлар ўрнатилган.
Вилоятда 2024 йил мавсуми учун ғалла хосилини етиштиришда ғалланинг сариқ ва қўнғир занг, қора куя, илдиз чириш каби хавфли касалликлари ҳамда зараркунандалар билан зарарланишини олдини олиш учун уруғлик донни ўз вақтида сифатли дорилаш мақсадида фитосанитар назорат давлат инспекторлари назорати остида 29,1 тонна уруғлик дон белгиланган тартиб ва меъёрлар асосида дориланган.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий тадқиқот институти ходимлари ҳамда фитосанитар назорат давлат инспекторлари агрокластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликларига, иссиқхона ва аҳоли томорқа хонадонларига кириб, Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий тадқиқот институти томонидан тайёрланган йўриқномалар, тавсияномалар (флайерлар) ўсимликлар клиникалари ва биолабораториялар, иссиқхона ва аҳоли томорқа ер эгаларига етказилди.
Бундан ташқари ғалла етиштириладиган майдонларда ва дала четларида бегона ўтларни ва улардан бошлаб тарқалиши мумкин бўлган зараркунанда организмлар ўчоқларини йўқотиш мақсадида кам заҳарли бўлган кимёвий воситалар билан ишлов бериш тавсия қилинади. Вилоятимизда биолабораториялар ишини янада яхшилаш, улар иш унуми ва шароитларини юқори даражага кўтариш, биологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш зарур.
Вилоятда биолабораториялар ишини яхшилаш ҳамда ўсимликларни заракунанда ва касалликлардан самарали ҳимоя қилиш учун биринчи навбатда албатта юқори малакали ва билимли кадрларга эҳтиёж сезилади. Ҳозир Самарқанд вилоятида 2 та олий таълим муассасасида, яъни Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ҳамда Самарқанд давлат университети қошидаги Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтларида ўсимликлар карантини ва ҳимояси йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун қишлоқ хўжалик илмини юқори даражага кўтариш ва соҳа учун малакали мутахассислар етиштириш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу масалага Президент фармонида алоҳида эътибор қаратилган. Унда илмий-тадқиқот, таълим ва ахборот-маслаҳат хизматларини кўрсатишни ўзаро боғлайдиган қишлоқ хўжалигига оид билим ва ахборотларни тарқатиш бўйича самарали тизимнинг йўқлиги соҳани илмий асосда ривожлантиришдаги энг жиддий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирда илмий-тадқиқотлар учун давлат инвестициялари даражаси қишлоқ хўжалиги умумий бюджетининг 0,2 фоизини ташкил этади. Илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг самарали механизмлари мавжуд эмаслиги давлат томонидан молиялаштирилган илмий-тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий килишни сезиларли даражада чеклаётганлиги таъкидлаб ўтилган. Фармонга асосан Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Агентлиги тусарруфига ўтказилган ва ҳозир Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти деб аталади. Шу билан биргаликда илмий-тадқиқот институтининг Самарқанд минтақавий филиали ҳам ташкил қилинган бўлиб, унда соҳага оид илмий даражали мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган.
Ҳозирги вақтда Республикамизнинг кўпгина вилоятларидаги каби вилоятимизда ҳам “Ўсимликлар клиникалари” ташкил қилинган бўлиб, улар деҳқон ва фермер хўжаликларининг экин майдонларидаги ва ҳатто шахсий томорқа хўжаликларидаги экинларнинг зараркунанда ва касалликлари тўғрисида аниқ маълумотлар бериб, уларни бартараф қилиш юзасидан маслаҳатлар бериб бормоқда.
Умуман олганда Ўзбекистон Республикаси кишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2021-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси жуда керакли вақтда қабул қилинган ва у бундан кейин ҳам Республикада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда соҳа ходимлари, мутахассислари ва деҳқонларга асосий дастур бўлиб хизмат қилади деб ўйлаймиз.
Шомурод Ўразов, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи.
Бурхон Файзуллаев, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти Самарқанд минтақавий филиали директори.
Қувончбек Турсунов, кичик илмий ходим.