Самарқандда 85 минг 350 гектар майдонни шудгорлаш бошланди
Тажрибали деҳқонлар “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда” мақолини бежиз айтишмайди. Чунки кузги шудгорлаш ишларининг сифатли ўтказилиши келгуси йил экинларидан мўл ҳосил етиштириш айнан кузги шудгорнинг сифатли ўтказилишига боғлиқ.
Буни тўғри англаган вилоят деҳқонлари 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларидан бўшаган 85 минг 350 гектар ер майдонини сифатли шудгорлашга киришди.
Шудгорлаш ишларида 542 та қишлоқ хўжалиги техникалари, шундан 244 та юқори унумли ҳайдов тракторлари иштирок этиб, битта трактор ёрдамида кунига 5-8 гектар майдонни шудгорлаш режалаштирилган.
Пайариқ туманида ўтказилган кўргазмали семинарда кузги шудгорлаш тадбирини ўз вақтида ва сифатли якунлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Семинарда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ф.Абилов, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Н.Турсунов ва бошқалар 2021 йил ҳосили учун кузги шудгорлашни оптимал муддатларда ва уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан тавсиялар берди.
Шудгорлаш тадбирида қатнашадиган ҳайдов тракторларининг иши икки сменада ташкил этилиб, кўчма пайвандлаш аппарати, кўчма устахона, судратма ёқилғи тарқатиш агрегати, кўчма дам олиш хонаси билан таъминланади. Механизаторлар ва шудгорлаш тадбирида қатнашувчи ходимларни икки маҳал иссиқ овқат билан таъминлаш режалаштирилган.
- Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан кузги шудгорлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан кунлик мониторинг-таҳлил тадбирлари амалга оширилмоқда, - дейди инспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори Шаҳриддин Бутунов. - Ҳайдов тракторларининг мавсум давомида тўлиқ ишлашини таъминлаш мақсадида ҳар бир туманда эҳтиёт қисмлар, жиҳозлар, таъмирлаш материаллари захираси яратилди.
Шудгорланадиган майдонларга фосфорли минерал ўғитларнинг ажратилиши ва шудгорлашдан олдин берилиши ҳамда шудгорлаш ишларининг тўлиқ контурларда амалга оширилишини таъминлаш, дала четлари, симёғоч атрофларини шудгорлашга алоҳида аҳамият берилади.
Агроинспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.