Жомбойда 41 ёшли аёл экин майдонига қорамол туширгани учун калтакланди
Ижтимоий тармоқларда самарқандлик аёл калтаклангани акс этган видеолар тарқалди. Ушбу ҳолатга вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси муносабат билдирди.
"Жомбой туманида яшовчи аёлнинг калтаклангани бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилди.
Дастлабки маълумотга кўра, 1982 йилда туғилган аёл М.Р. ва турмуш ўртоғининг акаси А.Р. ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан. Фермер хўжалиги ишчиси бўлган А.Равшанов фермер хўжалиги экин майдонига қорамоли тушгани учун М.Р.га тан жароҳати етказган. Айни вақтда беморнинг саломатлиги, ҳуқуқий ҳимояси доимий назоратда. Туман ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова шу вақтнинг ўзида туман тиббиёт бирлашмасига бориб, аёл М.Р.нинг ҳолидан хабар олди.
Аёл шу йилнинг 30 май куни юз ва қўл-оёқ соҳасидаги жароҳат билан шифохонага ётқизилган бўлиб, айни вақтда аҳволи нисбатан қониқарли. Шифокорлар томонидан барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатиляпти. Бошқарма бошлиғи ҳамда мутахассислар иштирокида аёлга ҳуқуқий ва психологик кўмак берилди", дейилади муносабатда.