Мустаҳкам воқеаси тескари эффект бердими?!
Самарқандлик Мустаҳкамнинг “Турмуш ўртоғимни кечирдим”, деб эълон қилган видеолавҳаси ижтимоий тармоқларда турли муносабатларни уйғотди. Улар орасида салбий фикрлар салмоқли қисмни ташкил қилади.
Ҳатто фикрлар орасида Мустаҳкам кимнингдир босими остида шундай қарорга келгани эҳтимоли ҳам таъкидланмоқда. Ушбу видеолавҳадан кейин бу ҳақда аёл билан бир неча блогерлар суҳбат уюштиришга ҳам улгурди. Ушбу видеоларда Мустаҳкам камера қаршисида анча эркин фикр билдираётганини, қарашларини ўзига ишонган ҳолда намоён этаётганини кузатиш мумкин.
Нима бўлган тақдирда ҳам Мустаҳкамнинг бугунги ҳолати, бу тахлит чиқиши аслида кўпчилигимиз учун биз кўниккан, ўрганган ҳолат, десак адашмаймиз. Биз ушбу мақолада бўлиб ўтган воқеанинг айбдорлари-ю, айбсизлари, оиладаги ўзаро низолару, ярашувларнинг моҳиятига етиб олмоқчи эмасмиз. Зеро, бунинг тагига етишнинг имкони ҳам, иложи ҳам йўқ. Факт аниқ эди, у кенг жамоатчиликка намойиш этилди, зўравонлик барчада салбий ҳиссиётларни жунбушга келтирди, аммо… Аммо орадан кўп ўтмай воқеа бошқача тус олди ва у ҳам ўз навбатида одамларда негатив фикрларни уйғотди.
Хўш, воқеаларнинг бу тахлит одамларга етказилиши қандай натижани келтириб чиқарди? Зўравонлик ҳақдаги тушунчаларимиз қайси томонга ўзгарди-ю, воқеа иштирокчилари бу ошкораликдан қандай наф кўрди?
- Мустаҳкам сингари келинлар бугунги жамиятимизда жуда кўпчиликни ташкил қилади, - дейди психолог, СамДУ психология кафедраси ўқитувчиси Мушарраф Салоҳиддинова. - Ҳали шахс сифатида шаклланмаган, 16 ё 17 ёшида турмушга чиққан бу каби қизлар оилавий ҳаётини ўзининг асосий олами деб билади. Тўғри, улар уй-рўзғор юмушларида, эҳтимол болага қарашдаги тажрибаси шаклланиб, яхшиланиб борар, аммо ўзини ўзи ривожлантиришга эътибор қаратмагани туфайли ижтимоийлашиш каби жараёндан четда қолиб кетаверади. Қўлида ҳунари, ё касби бўлмагач, ўзига нисбатан ишончи ҳам ҳаминқадар. Тасаввур қилинг, доим катталар ҳомийлигида (яъни, эри, қайнота-қайнона) яшаб келаётган аёл бирдан кўчага чиқариб қўйилса, у қандай аҳволга тушади? Бугун Мустаҳкамнинг видеоларида мен ўзгардим, фикрим шаклланди, қабилидаги фикрларни эшитган бўлсангиз керак. Тўғри, у билан руҳшунослар ишлаган, унга мотивацион машғулотлар ўтилгандир, эҳтимол. У шу машғулотлар таъсиридангина фақат оғзаки фикрларни билдиряпти. Яъни, мактаб ўқувчиси ёд олган нарсасини айтиб бергандай, ўрганганларини айтяпти, холос. Ҳали унинг мустақил шахс сифатида шаклланиши учун йиллар керак.
У ўша пайти зўравонликка чидай олмай, ёш бола сингари «сени айтиб бераман!» дея унга ёрдам бермоқчи бўлган инсонларга бор дардини айтди, аммо вақт ўтгани сайин ўзи кўниккан олам унинг устуни эканлиги каби тушунчасидан халос бўлгани йўқ. Шунинг учун ҳам ўзига қулай йўлни танлашга ҳаракат қиляпти, холос.
Алоҳида таъкидлашни истардим, бу каби воқеаларни қўни-қўшнисида эшитиб юрса-да, аммо бефарқ қарайдиган инсонлар нега виртуал оламда бу қадар исён кўтарди? Ахир қўшнисиникида содир бўлганини билса-да, бир оғиз танбеҳ беришга ҳаракат қилмасди-ку у. Гап шундаки, ушбу воқеа тобора виртуаллашаётган бизнинг жамиятдаги илк шов-шувли воқеалардан бири эди. Шунинг учун одамлар унга ёрдам беришга ошиқди, зўравонликка нисбатан нафрат пайдо бўлди.
Лекин эндиги ҳолат-чи? Унинг кечириши бу воқеани юрагига яқин олган одамларга қандай таъсир кўрсатиш мумкин? Афсуски, бу воқеа зўравонликка муросасизлик кайфиятини шакллантириш ўрнига тескари эффект, яъни натижа келтириб чиқарди. Хусусан, эркаклар орасида, мана, қўлидан нима келди, барибир қайтади аёл, деган тушунча шаклланса, аёлларда шунчалик калтакланган аёл кечирдику, мен кечирсам нима бўпти, деган тушунча янаям кучлироқ сингишиб қолади. Буни ижтимоий тармоқлардаги «эр-хотин ишига аҳмоқ аралашади» қабилидаги жуда кўп билдирилаётган фикрлардан ҳам билса бўлади. Бу иборанинг одамлар онгида янада мустаҳкамланишига шароит яратилди, холос.
Ҳа, бутун дунёда зўравонлик масаласи билан бу ҳақда яхши хабардор мутахассислардан иборат тегишли идоралар шуғулланиши бежиз эмас. Биз эса ҳамон ҳамма масалада энг яхши мутахассис сингари «панднома» руҳида иш кўраётганимиз ҳам бор гап.
Гулруҳ Мўминова.