Бўлган воқеа: Онаизор. Ўғил хонадонига туширилган келин
Бу воқеани синглим Феруза ҳикоя қилиб берганди: “Янги келин бўлиб тушган кезларим... Саксондан ошган хаста қайнона бувим тўсатдан оғирлашиб қолди. У зўрға нафас олар, томоғидан сув ҳам ўтмасди.
Қайнотам эса волидасининг юзига юзини босиб: “Онажон, берган сутингизга рози бўлинг”, дея пичирларди.
Тўрт кун шу алфозда ётган бувимиз ниҳоят кўзини аста очди.
Буни кўриб, барчамиз ғимирлаб қолдик. Қайнотам онасининг қўлларини силаб, ўпиб қўйди. Кампир ўғлига энгаш, дегандек ишора қилди. Қайнотам шошиб энгашди.
Она: "Болам, овқатингни едингми?.." дея олди аранг.
Ҳаммамиз кулиб юбордик.
Онаизор калимаи шаҳодатни айтиб, жон таслим қилди”.
***
Бир маросимда уч-тўрт киши гурунглашиб ўтирардик. Бир дўстим ёнидаги шеригидан сўради:
- Қизингни узатдинг, энди ўғлингни ҳам уйлантирарсан?
Шериги жавоб берди:
- Йўқ, ҳали ўғлим ўқиши керак. Буёғи уй-жой муаммоси ҳам бор. Биласан, онамиз тўқсондан ошди. У киши бандаликни бажо келтирса, уч йилдан кейин келинни кампирни уйига тушираман.
Бу гапни эшитиб, устимдан муздек сув қуйилгандек бўлди. Ҳаммамиз ҳайратдан жим бўлиб қолдик.
Буни қарангки, бу кишининг хонадонида уч йилдан кейин тўй бўлди. Бироқ янги келин кампирнинг уйига эмас, қайнотасининг хонадонига тушди. Бир йил муқаддам юрак хуружидан вафот этган ўғилнинг уйида кампир неварасини уйлантирди.
Омонулло МУТАЛ.