Бугун Самарқандда коллеж ва техникумларга кириш тест синовлари бошланди, 3 нафар абитуриент имтиҳондан четлатилди

Тест синовлари бугун Самарқанд шаҳар Рўдакий кўчасидаги 3 та бинода, Каттақўрғон тиббиёт ва Иштихон педагогика коллежлари биноларида бўлиб ўтяпти. Имтиҳонлар Оқдарё педагогика коллежи, Пайариқ тиббиёт коллежи, Паст Дарғом педагогика коллежи, Паст Дарғом, Каттақўрғон ва Иштихондаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари абитуриентлари учун ташкил этилди.

Тест саволлари давлат тест маркази томонидан соддалаштирилган ҳолда тузилган. Саволлар 2 та фандан 30 тадан жами 60 та бўлиб, тест саволларини ечишга 2 соат вақт берилади.

Тест синовлари карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда, ҳар бир абитуриент бинога ҳарорати ўлчаниб киритиляпти.

Имтиҳонлар 2 навбатда олиняпти. Бугун 1-навбатда тест синовларига қатнашиши керак бўлган жами 1980 нафар абитуриентдан 1629 нафари, яъни 82,3 фоизи имтиҳонга келди. Айни пайтда 2-навбатдаги абитуриентлар тест синовларини топширмоқда.

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлимининг Zarnews.uz‘га маълум қилишича, ҳозиргача 3 нафар абитуриент қўл телефонидан фойдалангани учун имтиҳондан четлатилган.

Коллеж ва техникумларга кириш тест синовлари 28 ноябргача давом этади.