Аввал тест, сўнг танлов: Абитуриентлар учун имтиҳонлар июль-август ойларида ўтказилади

Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига кўра, олий ўқув юртига қабул жараёнлари “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ икки босқичда амалга оширилади.

Аввалги йилдан бошлаб, давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар шу тамойилга мувофиқ бир вақтда ўтказилади. Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.

Олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июль-август ойларида ўтказилади.

Давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:

Биринчи босқичда абитуриентлар 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади. Бунда абитуриентлар фақат тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлайди.

Иккинчи босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди. Яъни, ўзининг олган балига қараб, тестлар ўтиб бўлгандан кейин, қайси олийгоҳнинг қайси йўналишига топширишини танлайди. Ўйлаб олиш, таҳлил қилиш учун 15 кун вақт бўлади.

Ўқишга кира олмаганлар нима қилади?

Мабодо абитуриентлар олийгоҳларга кира олмаса, унда тестда тўплаган бали билан коллеж ёки техникумни танлаши мумкин. Ўқишга кира олмаганлар учун коллеж ёки техникум танлашга ОТМларга қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг яна 10 кун муддат берилади.

Шунингдек, Президент фармонига мувофиқ жорий йилда илк марта 2025/2026 ўқув йили қабулидан бошлаб фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади.

Бунда фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул қилишда ушбу фандан тест синови ўтказилмайди. Абитуриентлар белгиланган даражадаги сертификатни тақдим этишлари лозим.

Биринчи фан сифатида аниқ кўрсатилган инглиз, немис ва француз тилларидан айни шу фан бўйича,  биринчи фан “Чет тили” кўрсатилган таълим йўналишларига эса, бакалавриат таълим йўналишлари учун тасдиқланган хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро сертификатлардан бирини тақдим этиш талаб этилади.

Самариддин Суюнов,

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги

Самарқанд вилояти бўлими мутахассиси.