Самарқандда ихтисослаштирилган таълим муассасалари учун имтиҳонлар бошланди
Бугун Самарқанд шаҳрида вилоятдаги ихтисослаштирилган мактаблар учун қабул имтиҳони бўлиб ўтмоқда. Ихтисослаштирилган мактабларга қабул имтиҳони республика бўйича барча вилоятда бир вақтда, яъни соат 8:00 да бошланди.
Бу йил республика бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасалари, Президент мактаблари ва ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабларга жами 244 мингдан ортиқ ўқувчи ҳужжат топширган. Шундан Самарқанд вилоятидаги ихтисослаштирилган мактабларга 13 122 нафар, Президент мактабига 5989 нафар, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Самарқанд филиалига 7304 нафар ўқувчи ариза берган.
Ихтисослаштирилган мактаблар учун имтиҳон бир босқичда бўлиб, унда 25 та математика, 15 та инглиз тилидан, жами 40 та тест саволлари берилади. Имтиҳон ҳар куни уч сменада ўтказилади ва 90 минутдан вақт берилади. Ихтисослаштирилган мактабларга асосан 5- ва 7-синф ўқувчилари қабул қилинади.
Имтиҳонлар 10 июлгача давом этади. 10 июль куни маълум сабабларга кўра имтиҳонга келолмаган ўқувчилар тест топширади.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанддаги Президент мактабига қабул имтиҳонлари 7 июль куни бошланади.