Бугун туғилган кун
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мурод Муҳаммад Дўст 1948 йил 12 апрелда Нуробод тумани Жом қишлоғида туғилган.
Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да, сўнг Москвадаги адабиёт институтида таҳсил олган.
У “Ўзбекфильм” киностудиясида, “Шарқ юлдузи” журналида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, “Ўзбеккино” Давлат акциядорлик компаниясида фаолият юритган.
Ижоди ўтган асрнинг 70-йилларидан бошланиб, 1976 йилда “Қайдасан, қувонч садоси?” номли биринчи ҳикоялар тўплами нашр этилган. Шундан сўнг адибнинг “Мустафо”, “Истеъфо”, “Дашту далаларда”, “Чоллардан бири”, “Бир тойчоқнинг хуни” каби ҳикоя ва қиссалари босилди. 1983 йилда “Галатепага қайтиш” қиссаси эълон қилинди. Мурод Муҳаммад Дўст 1988 йилда турғунлик даврининг маънавий, иқтисодий ва сиёсий таназзули ҳақида ҳикоя қилувчи “Лолазор” романини яратди. Бу асари учун 1989 йилда Давлат мукофотига сазовор бўлди.
Мурод Муҳаммад Дўст таниқли киносценарист ҳамдир. Унинг “Галатепалик авлиё”, “Дев билан пакана”, “18-квадрат”, "Пўшт, арава” ва “Кўргим келади”, “Рўё” (“Акахон”) сингари сценарийлари асосида суратга олинган кинофильмлари бор.
Ёзувчи 1996 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони, 1999 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.