Булунғур деҳқон бозорида импорт қилинган гўшт 45 мингдан сотилади
Айни кунларда айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навоси ошиши кузатилганлиги сабабли Булунғур тумани ҳокимлиги ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман бўлими ҳамкорлигида “Булунғур деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида махсус ярмарка ташкил этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Ярмаркада мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти, балиқ, тухум кабилар бозор нархидан арзонлаштирилган ҳолда сотилмоқда. Жумладан, балиқнинг “толстоб”, “беламур”, “сазан” каби турлари катта-кичиклигига кўра баҳоланаётган бўлса, товуқ гўшти 18 минг сўм, қўй гўшти 48 минг сўмдан - 55 минг сўмгача, мол гўшти 55 минг сўм, тухум 1 100 сўмдан сотилмоқда.
Департаментнинг туман бўлими раҳбари Ҳусниддин Разиқовнинг таъкидлашича, яқин кунларда ярмаркага қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳам келтирилиб, арзонлаштирилган нархларда сотилиши йўлга қўйилади. Бундан ташқари, Украина давлатидан импорт қилинган музлатилган мол гўшти ярмаркага келтирилиб, килограми 45 минг сўмдан сотилиши режалаштирилмоқда.