Истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотини Тошкентга олиб кетаётган самарқандлик йигит ушланди

“Сирдарё” ЙПХ масканида Сирдарё вилояти ИИБ ҳамда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тадбир ўтказилди.

Ўтказилган тадбир давомида "Самарқанд – Тошкент" йўналишида ҳаракатланиб бораётган “Epika” русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида тўхтатилиб текширилганда Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро И.И. бошқарувидаги автотранспорт салон қисмида ҳеч қандай ҳужжатларсиз, келиб чиқиши номаълум бўлган 225 килограмм ҳайвон гўшти борлиги аниқланган.

Шунингдек, "Қашқадарё – Тошкент" йўналишида ҳаракатланиб ўтаётган “Nexia-1” русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида тўхтатилиб текширилганда Чироқчи тумани, Торжилға қишлоғида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро Э.Э. бошқарувидаги автотранспорт юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз, келиб чиқиши номаълум бўлган 454 килограмм ҳайвон гўшти борлиги аниқланган.

Юқорида қайд этилган гўшт маҳсулотлари вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказига олиб келиниб, лаборатория текширувларидан ўтказилганда, истеъмолга яроқсиз эканлиги маълум бўлган.

Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Сирдарё вилояти бошқармаси масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.