Гўшт нархи нега ошаверади?
Кўп ва хўб гапирилган мавзу бор: Уни роса «нимталаймиз». Кўп маҳсулотларнинг нархи ошиб-тушиб туришини биламиз. Аммо узоқ вақтлардан бери гўшт маҳсулотларининг нархи тушганини ҳеч ким эслолмаса керак. Мазкур мақолада бунинг сабаб ва ечимлари ҳақида фикр юритдик.
Авваллари қандай эди?
Узоққа бормайлик, бундан ўн-ўн беш йил олдин қишлоқларда, ҳатто азим Тошкентдаги баъзи хонадонларда ҳам сигир, қўй, товуқ боқилган. Шунга яраша қишлоқда яйлов, шаҳарда эса уйлар атрофида яшил майдон бор эди.
Табиий жараён – аҳолининг кўпайиши, урбанизация натижасида шаҳарлар ўтлоқ ва дала ерлари ҳисобига кенгайди. Мос равишда қишлоқларда ҳам уйлар сони ортиб, яйловлар торайиб борди.
Маълумотларга қараганда, сўнгги 15 йилда республикада озуқа ер майдони 429 минг гектардан 340 минг гектарга қисқариб, бир шартли бош чорва молга тўғри келадиган озуқа ер майдони 50 сотихдан 27 сотихгача камайган. Натижада, озуқа ем қимматлашди, таклифдан кўра талаб ортди. Қолаверса, чорва молларининг наслини сақлаш, боқиш харажатини камайтириб, маҳсулдорликни ошириш бўйича етарли ишлар олиб борилмади. Ҳисоб-китобларда чорва туёқ сони ошса-да, етиштирилаётган маҳсулот ҳажми пастлигича қолаверди. Ҳатто бугунги кунда ҳам наслчилик борасидаги ишларни кўнгилдагидек, деб бўлмайди.
Мисол учун, бир бош маҳаллий сигирни боқиш учун хонадонда кунига ўртача 27 минг сўм харажат ҳисобига 5 литр (ўртача 25 минг сўм), чорвачилик хўжаликларида эса 31 минг сўм харажат ҳисобига 10-12 литр (50-60 минг сўм) сут олинмоқда.
Ижодий сафар билан Европа мамлакатларида бўлганимда, бир кунда бир соғин сигирдан 60-65 литргача сут олинишига гувоҳ бўлганман. Қизиғи, ўша ерда ҳам сомон ва хашак – асосий озуқа. Хусусан, Австрияда наслли моллар гўшт ва сут учун алоҳида етиштирилади.
Тўғри, давлат чорвачиликни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиб, биргина 2021 йилнинг ўзида наслли қорамол, қўй-эчки импорти ҳамда етиштирилган гўшт ва сут учун чорвачилик хўжаликларига жами 58,5 миллиард сўм миқдорида субсидиялар ажратди. Бунинг натижасида муаммолар тез орада ечим топмайди, албатта. Чунки ўтган йил олиб келинган ғунажиннинг сутга киришига ҳам анча вақт керак.
Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда гўшт ва сут маҳсулотлари нархини барқарорлаштириш, аҳолини сифатли озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш учун ҳали имкониятлар етарли.
Президентнинг 2022 йил 8 февралдаги «Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида айнан шу мақсад кўзда тутилган. Қарор билан пахта ва ғалла етиштирувчи субъектлар томонидан экин ерларининг 10 фоизига (жами 206 минг гектар) беда ва чорва озуқа экинларини алмашлаб экиш, 2022-2024 йилларда 310 та пахта-тўқимачилик, ғаллачилик ва шоличилик кластерлари томонидан 500-1000 бошли чорвачилик комплексларини ташкил этиш белгилаб берилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур тадбирлар натижасида, йилига қўшимча 2 миллион тонна озуқа бирлигини жамғариш ҳисобига сут йўналишида 250 минг бош сигир, гўшт йўналишида 500 минг бош қорамол боқилиб, 2,2 миллион тонна сут ва 400 минг тонна тирик вазнда гўшт етиштирилади.
Кооперация усули наф берадими?
Натижага эришишнинг мақбул йўлларидан бири ҳам шу. Бунинг самарасини чорвачилик йўналишида фаолият юритаётган корхона иш тажрибаси мисолида кўриб чиқамиз. Масалан, корхона томонидан 89 та хонадонга 3 йил давомида бўлиб тўлаш шарти билан 160 бош наслли қорамол тарқатилган. Сут аҳолидан сотиб олиниб, қайта ишланади ва бир бош сигирдан ойига ўртача 850 минг сўм даромад кўрилади.
Қарорда шу жиҳат ҳисобга олинган. 2022-2023 йилларда ҳар бир туманда камида 1 тадан гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар томонидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида чорва молларини етказиб бериш, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш ва сотиш ташкил этилади.
Ҳалол меҳнат учун рағбат
Тадбиркор гўшт ёки сут маҳсулотини етиштириб, уни сотади, даромад олади. Даромад устига бу фаолияти учун давлатдан қўшимча маблағ ҳам олса, шунинг ўзиёқ яхши имконият ва рағбат эмасми? Берилаётган рағбат бозор нархига қараб ошиб борса, нур устига нур-ку.
Гап субсидия ҳақида бормоқда. Айни қарор билан 2022 йил 1 январдан 2023 йил 31 декабрга қадар маҳаллий чорвачилик хўжаликларига гўштнинг ҳар 1 килограмми учун тўланадиган субсидия миқдори 2 минг сўмдан 4 минг сўмга, сутнинг ҳар 1 литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилди.
Субсидияни оширилган миқдорда тўлаш учун Давлат бюджетидан 2022-2023 йилларда қўшимча 296 миллиард сўм, шу жумладан, 2022 йилда 144,4 миллиард сўм маблағ сарфланади.
Кўкка қараган элмиз
Юртимиз ҳудудларида яйлов сифатида фойдаланиладиган ерларнинг асосий қисмини лалмикор ерлар ташкил этади. Минтақамизда ёғингарчиликнинг камайиб бораётгани бу ерлардан фойдаланиш имкониятини ҳам қисқартирмоқда.
Ягона йўл – сувни ҳам, ерни ҳам тежаган ҳолда, интенсив усулда озуқа етиштириш ва чорва боқиш. Қарорда бунинг ҳам йўллари кўрсатиб ўтилган. Яъни, озуқа экин ер майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғоришни жорий этган чорвачилик хўжаликларига давлат бюджетидан унинг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўм субсидия ажратилади.
Шунингдек, гидропоника усулида чорва молларига озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Айни шу йўналишда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 20 миллиард сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига Тадбиркорлик жамғармаси ҳисобидан компенсация ёки кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этиладиган бўлди.
Қарорда белгиланганидек, чорвачилик хўжаликлари кредит ва лизинг асосида олинган қишлоқ хўжалиги техникалари фоиз харажатларининг 10 фоиз пунктидан ортиқ қисми Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қоплаб берилиши ҳам тадбиркор фойдасига хизмат қилади.
Харажатларнинг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилиши, хориждан келтириладиган техникаларнинг бож тўловларидан озод этилиши, имтиёзли кредитларнинг ажратилиши корхоналар қувватининг ошишига ва ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмининг ортишига олиб келади.
Бу эса бозорнинг тўйинишига ва нархларнинг пасайишига ижобий таъсир кўрсатади.
Томорқа – кони фойда
Очиқ маълумотлардан маълум бўлмоқдаки, айни вақтда томорқа ер эгалари ихтиёрида 503 минг гектар экин ери мавжуд. Бу – ҳақиқатан ҳам ишга солинмаган катта ресурс. Яъни, аҳоли мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, ўз томорқасида озуқа экин етиштирса ва чорва, парранда боқадиган бўлса, юқоридаги кўрсаткичлар яна бир неча бараварга ошиши мумкин.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декабрдаги «Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори кенг имконият яратади.
Қарор билан томорқа ер эгаларига 100 бош парранда, 5-10 бош курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уясини боқишни йўлга қўйиш учун йиллик 14 фоиз ставкада имтиёзли кредит ажратиш назарда тутилган.
Тўғри, аҳолига кредит ҳисобига қорамол бериш янгилик эмас. Лекин айрим ҳолларда бозор нархидан анча қимматга ёки наслдор бўлмаган қорамолларнинг аҳолига берилиши, сифатли ветеринария хизмати кўрсатилмагани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Кўпчилик мол ва қўй гўштини истеъмол қилади. Лекин улардан фойдалироқ бўлган товуқ, курка, бедана, қуён, балиқ каби маҳсулотлар рационимиздан камроқ ўрин эгаллайди.
Агар аҳолида ушбу маҳсулотларнинг фойдали томонлари ҳақида янада кўпроқ маълумот пайдо бўлса, ёрдамчи хўжаликлар фаолияти ҳам тезроқ ривожланармиди?
Хулоса шуки, давлат аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган гўшт ва сут маҳсулотларини етиштиришни рағбатлантириш учун янги молиявий йўналишларни қўлламоқда. Афсуски, аксарият ҳолда аҳоли яратилаётган қулайлик ва имкониятлардан бехабар қолмоқда ёки қуйига қараб ижро интизоми сусайиб бормоқда. Қолаверса, айни масалалар билан шуғулланадиган ҳоким ёрдамчилари вақт-бевақт ўтказилиб, соатлаб давом этадиган мажлислар ўрнига давлат раҳбари берган топшириқ билан шуғулланса, натижалар янада тезроқ кўзга ташланади.
Дилшод Бўриев,
журналист.