Нима сабабдан триллионлаб сўмлик лойиҳалардан кейин ҳам ички бозорда гўшт маҳсулотлари тўлиб тошмади? Таҳлил ва таклиф

Иқтисодий таҳлилчи Илҳом Вафоевнинг мамлакатда чорвачиликни ривожлантириш орқали том маънода бозорни гўшт маҳсулотлари билан тўлдириш, импортни қисқартириш, аҳолининг бу маҳсулотга сарфлаётган маблағини гўштни арзон қилиш орқали иқтисод қилиш ва яшаш даражасини ошириш борасидаги таклифлари, фикримизча, эътиборга молик.

Қуйида таҳлилчининг айрим фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

Чорвачилик соҳасига катта миқдордаги хорижий инвестицияларни жалб этишдан олдин маркетинг фани имкониятларидан фойдаланилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шундан келиб чиқиб, гўшт ва гўшт маҳсулотлари истеъмолини таркибий жиҳатдан таҳлил қилиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканлигини барчамиз яхши тушунамиз. Аниқ статистик маълумотлар йўқлиги сабабли умумий истеъмол таркибида қорамол гўшти 65 фоизни ва қўй гўшти 35 фоизни ташкил этмоқда, деб фараз қилайлик. Белгиланган вазифалардан кўриниб турибдики, инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши натижасида қўй ва эчки гўштининг ҳиссаси (улуши) муайян даражада кўпаяди. Бундай нисбатни сезиларли даражада ўзгартиришдан аввал соҳада чуқур маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш лозимлиги ва қуйидаги омиллар таъсирини чуқур ўрганиш фойдадан холи эмаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман:

Биринчидан, кўп ҳудудларда қўй гўштининг нархи қорамол гўштига нисбатан юқорилиги ва натижада аҳоли тўловчанлик қобилиятининг пастроқ эканлиги, иқлим шароити ва мавсумдан қатъий назар, уни истеъмолига доир салбий муносабат шаклланганлиги;

Иккинчидан, республиканинг вилоятлари ва ҳаттоки вилоят таркибидаги туманлар кесимида гўшт истеъмолида тубдан фарқ қиладиган анъаналар ва танловларнинг мавжудлиги. Мисол учун, Самарқанд вилоятининг тоғли Ургут тумани аҳолиси бошқа туманларга нисбатан кўпроқ қўй гўшти истеъмол қилиш анъанаси туманнинг тамаки етиштиришга ихтисослашгани натижасида шаклланган;

Учинчидан, эчки жунини қайта ишлаш имконияти юқори даражада бўлиши билан бирга унинг гўштига бўлган талабнинг пастлиги. Бундай ҳолат иқтисодий самарадорлик, жумладан рентабеллик даражаси нуқтаи назаридан чуқур таҳлилга муҳтож;

Тўртинчидан, чекланган ишлаб чиқариш ресурслари (экин майдонлари, сув, энергия, қишлоқ хўжалик техникаси)нинг қўйчилик ва эчкичиликни ривожланиш томонга йўналтирилиши юқори талабга эга бўлиб турган мол гўшти етиштиришда мавжуд айрим муаммоларнинг ечилмай қолишига сабаб бўлиши;

Бешинчидан, қорамол комплексларидан фарқли ўлароқ, эчкичилик ва қўйчилик комплексларини индустриал асосда ривожлантириш учун маҳаллий мутахассисларнинг деярли йўқлиги, уларни қисқа муддат ичида тайёрлаш учун имконият чекланганлиги;

Олтинчидан, қисқа муддат ичида 1 миллион бошга яқин майда шохли чорва қайси мамлакатлардан харид қилинишида аниқлик киритиш зарурлиги. Агар белгиланган вазифалар ички имкониятларга таяниб амалга оширилиши кўзда тутилаётган бўлса, унда сунъий тарзда юқори талабнинг вужудга келиши ва инфляцион жараённинг қўзғалиши мумкин (ажиотаж талаб) ва бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Қўйчилик ёки эчкичилик комплекслари қайси вилоятлар ва туманларда жойлаштиришига қараб чорва турлари танлаб олиниши муҳим аҳамиятга эга. Гап шундаки, яқин кунларда 350 минг бош майда шохли чорва 50-100 минг оилаларга тарқатилиши лозимлигининг гувоҳи бўламиз, нега деганда 2-3 бош қўй боқиш эрмак ҳисобланса, унинг миқдорини 5-6 маротаба кўпайтириш – бу жиддий бизнес ҳисобланади. Шундай экан, шу пайтгача Қашқадарё вилоятида (республикадаги улуши 20%) боқилган қўйларнинг бошқа вилоятлар иқлим шароитига мослашиши мутасадди шахслардан ўта жиддий ёндашувни, моддий ва молиявий талафотлар юз бермаслиги учун юқори даражадаги савия ва ташкилотчиликни тақозо этади.

Яна бир муҳим нарса - охирги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган инвестицион лойиҳалар самарадорлигига объектив баҳо бериш, йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этишга хизмат қиладиган ва улар такрорланмаслигини кафолатлайдиган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдир. Шу ерда табиий савол туғилади. Нима сабабдан 15 триллион сўмлик қийматга эга лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва чорва сонининг 1,2 миллион бошга кўпайиши гўшт импортига йўл қўймаслик у ёқда турсин, ҳаттоки ички бозордаги нархларни мўътадиллаштиришга ҳам хизмат қила олмади?

Хулоса сифатида соҳани ривожлантиришга доир бир қатор таклифларга эгаман ва уларни амалиётга жорий этиш ҳукуматнинг бу сафар чорвачилик соҳасини ривожлантиришга нечоғлик жиддий ёндашаётганига боғлиқ. Қуйида мен уларнинг биттаси билан ўртоқлашмоқчиман, холос.

Ўзбекистонда чорвачилик соҳаси ўзига хос томонларга эга эканлигини, ташкилий ва индивидуал секторлар ўртасида мисли кўрилмаган даражадаги тафовут мавжудлигини, аҳолининг катта қисми рационал меъёрлар асосида овқатланиш имкониятидан маҳрумлигини инобатга олиб, соҳа корхоналарини биринчи босқичда 5 йил муддатга қўшилган қиймат солиғидан озод этиш лозим.

Буни сабаби шундаки, солиқ рағбати қўлланилса, хом ашё қайта ишловчи корхоналарга қиммат бўлмасдан етказилади, пировардида эса тайёр гўшт ва сут маҳсулотлари аҳолимизга чўнтакбоп нархларда етиб бориши таъминланади. Давлат бюджетидан ажратилаётган субсидияларни чорва учун озуқа базасини яратишда қатнашаётган фермер хўжаликларига ажратиш лозим.

Ҳисоб-китоблардан кўриниб турибдики, фақат 13 миллион бош қорамолнинг йил давомида рационал тарзда озиқлантирилиши бу қўшимча 200 минг тонна гўшт ва 2 миллион тонна сут етиштириш, мамлакатимиз ушбу маҳсулотларнинг импортёридан экспортёрига айланиши дегани. Аҳоли томонидан гўшт ва сут маҳсулотларини сотиб олишга қилинаётган сарф-харажатларнинг 10 фоизга пасайиши, бу нафақат уй-жой ва енгил саноат маҳсулотлари харидига аҳолининг даромадларини қўшимча тарзда йўналтирилишини, балки ўн минглаб янги иш ўринлари барпо этилишини англатади. Ушбу жараён моҳиятини чуқур англамасдан, ҳар бир лойиҳани техник-иқтисодий жиҳатдан чуқур асосламасдан, чорвадорлар моддий манфаатдорлигини вужудга келган вазиятга мослаштирмасдан туриб аҳоли турмуш фаровонлигини тубдан яхшилашдек олий мақсадга эришиш амримаҳол бўлиб қолаверади.

Илҳом Вафоев,

иқтисодий таҳлилчи.