Ёғ, гўшт ва картошка импортига берилган солиқ имтиёзи муддати узайтирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар ҚҚС бўйича қонун лойиҳасини кўриб чиққан
"Лойиҳа депутатлар томонидан биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди", деб ёзади депутат Расул Кушербаев.

Унга кўра, 2021 йил 1 майдан 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;

- ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма.

Таъкидлаш лозимки, ушбу қонунни қабул қилиш Давлат бюджетининг 800,0 млрд. cўм атрофида даромадлари йўқолишига олиб келади. Йўқотилган суммани солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, шунингдек, алоҳида имтиёзларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳисобига қоплаш кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз: аввалроқ Президент томонидан «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонун имзоланган. Унга кўра, 2021 йил 10 октябрдан 31 декабргача бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ гўшти), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни Ўзбекистонга олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланганди.