Булунғурда 5 килограмм “марихуана” сотаётган шахс ушланди
Вилоят ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ушбу "марихуана" гиёҳвандлик воситасини 10 000 АҚШ долларига сотаётган шахс қўлга олинган.
Қайд этилишича, шу йил 10 январь куни вилоят ИИБ тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан Булунғур туманида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган.
1981 йилда Булунғур туманида туғилган шахс махсус харидорга 1 килограмм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 25 миллион сўмдан сотишини олдиндан келишиб, режалаштиргани тўғрисида маълумотлар олинган. Махсус харидор билан боғланган шахс 5 килограмм юкни тайёрлаб қўйганини маълум қилган. Самарқанд вилояти ИИБ тезкор-қидирув хизмати ходимлари вилоят божхона хизмати ходимлари билан ҳамкорликда туманнинг “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда вазни тахминан 5 килограмм “марихуана” гиёҳвандлик моддасини 10 000 АҚШ долларига сотаётган шахс далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.