Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бузилган бинодан чиққан қурилиш материалларини сотиб, кўрилган даромаддан солиқ тўланадими?

- Бир йил муқаддам корхонанинг бузилган биносидан чиққан қурилиш материалларини харид қилгандим. Унинг муайян қисмидан фойдаландим, эҳтиёжимдан ортганини эса сотиб юбордим. Мен олган даромадимдан солиқ тўлайманми?

Хуршид Халилов,

тадбиркор.

- Солиқ кодексининг 375-моддаси 1-қисми, 4-бандида солиқ тўловчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар мулкий даромадлар таркибига кириши, мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланиши, мазкур қийматни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса – кадастр қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ даромад, деб эътироф этилиши белгиланган.

Шунингдек, мазкур кодекснинг 378-моддаси 1-қисми, 7-бандида солиқ тўловчиларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадга солиқ солинмаслиги белгиланган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қимматли қоғозларни (бундан фонд биржасида реализация қилинадиган эмиссиявий қимматли қоғозлар мустасно), юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларини (пайларини), нотурар жойларни, ўттиз олти календарь ойдан кам муддатда солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар жойларни сотишдан олинган даромадлар бундан мустасно.

 Юқорида қайд этилган хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромад бўйича солиқ мажбурияти юзага келмайди. 

Саволга вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими Валишер Темиров жавоб берди.