«Cизнинг қизингиз борми?»

Илк марта муассасага борганимда кўзлари кўм-кўк, сочлари жингалак қизчанинг берган бу саволига жавоб тополмай каловланиб қолдим. Балки у “Қизингиз бўлмаса, мени қиз қилиб олинг”, дейиш учун бергандир бу саволни...

Кейинчалик бир неча марта ушбу муассасага бордим. Лекин ҳар гал ўшанда саволга жавоб беролмаганим учун  қизчанинг кўзларига қарашга ботинолмайман.

Самарқанд шаҳридаги 10-сонли меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 113 нафар  меҳрга ташна болажонларни ҳар бирининг мана шундай саволи кўп.  

Атрофи ям-яшил дарахтлар, гуллар билан ўралган йўлак бўйлаб манзилга яқинлашар экансиз бу манзара дилингизга завқ бағишлайди. Лекин муассасадаги болажонларнинг кўзларидаги мунг, меҳрга ташналик, ўзгача нигоҳлар қалбингизни титратади. Бу ердаги болалар ҳар бир келаётган инсонни ўзгача қарши олади. Балки бу нигоҳ отам-онам мени кўргани, олиб кетгани келдимикан, деган ўй-хаёл банд этгани боисдир.

- Бу ердаги ҳар бир бола бир дунё. Уларнинг олам-олам орзулари бор, - дейди  муассаса раҳбари Нигора Раббимова. - Биз  болаларнинг ички кечинмалари, ҳис-туйғуларини яқиндан билишга, уларнинг ҳаётга бўлган қизиқишини, яширин орзу-истакларини амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Тарбиячилар зиммасида ҳам катта масъулият бор. Биринчи навбатда ҳар бир бола билан хулқ-атвори нуқтаи-назаридан муомалада бўлиш, уларда атрофдаги инсонларга, жамиятга нисбатан соф туйғуларни шакллантириш, қалбларини меҳр-муҳаббатга тўлдиришга кўпроқ эътибор қаратамиз. Тўғри, муассасамизда болажонлар учун барча шароит яратилган. Уларнинг таълим-тарбия олишлари, келажакда ўз йўлларини топишлари учун барча имконият мавжуд. Биз учун муҳими эса болаларни бу ердан кетгач, муносиб ҳаёт йўлини танлаши. Уларни аста-секин ташқи муҳитга, мустақил яшашга тайёрлаб борамиз.

140  ўринли шинамгина ётоқхона, кўргазмалар зал, музей, «Ҳарбий ватанпарварлик» хонаси, 30 ўринли ўқув зали, кутубхона, спорт зали, футбол майдони ва кичик спорт майдончаси болалар ихтиёрида.  Муассасада тарбияланувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Директор ўринбосари Ойширин Шодиеванинг айтишича, болажонлар қизиқишларига қараб тўгаракларга жалб қилинган.

Муассасадаги педагог-ходимларнинг барчаси болажонлар ҳақида гап кетганда ўзгача меҳр ва самимийлик билан сўзлайди. Ҳар бир боланинг дунёқараши, хулқ-атвори ва қизиқишлари ҳақида соатлаб гапиришдан, уларнинг ўксик қалбларига меҳр беришдан чарчамайди.

Ҳилола Эргашева.