Самарқанддаги Меҳрибонлик уйида меъёрдан ортиқ бола тарбияланаётгани маълум бўлди

Муассасада 4 кишилик хонага 10 киши учун жой қилинган.

Халқ таълими вазирлигида ўтказилган йиғилишда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Самарқанддаги Меҳрибонлик уйларидан бирида белгиланган меъёрдан ортиқ бола тарбияланаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, йиғилишда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга тегишли шарт-шароитлар яратишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ мажлиси ўтказилган.

Унда, хусусан, ишчи гуруҳ вакили Алия Юнусова Самарқанддаги Меҳрибонлик уйларидан бирида сиғимдан ортиқ бола тарбияланаётганини, тўрт кишилик жойга ўн киши учун жой қилинганини қайд этди.

«Самарқандда бир болалар уйига борганимизда сизларда нечта бола бор, деганимизда 184 та дейишди. Сиғим қанча десак, 140 та деди. Қанақасига, шунча болага маблағ қаердан оляпсиз, деган саволни бердим. Иккинчи савол: қандай сиғдиряпсизлар ортиқча болаларни, деганимизда тўрт кишилик жойга ўн киши учун жой қилинганини айтишди», дея таъкидлади Алия Юнусова.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзоси, Молия вазирлиги ходими Фаррух Зокиров шу кунгача ҳокимликлардан вазирликка Меҳрибонлик уйларидан чиққан тарбияланувчилар уй учун пул сўраб, бирорта ариза тушмаганини айтди.

«Сабаби ҳокимликлар балансида бўш уйлар жуда ҳам кўп. Тошкент шаҳрининг ўзини олсак, буни ўрганиб кўрганмиз, шаҳар ҳокимлиги балансида турган бўш уйлар билан кўчада уйсиз юрган етим болаларнинг нисбати ўнга бирни ташкил этади», дея маълум қилди у.