Дам олиш кунлари ҳаво илиқ бўлиб, келгуси ҳафтадан салқинлашади

Ўзгидромет хабарига кўра, бугун ва эртага республика ҳудуди бўйича қуёшли ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кундуз кунлари термометр кўрсаткичи +35…+37 даражагача кўтарилади, бу ушбу кунлар меъёридан 2-4 даражага юқори бўлади.

Аммо, бугундан бошлаб Волга бўйи ҳудудларидан совуқ антитциклон кириб келиши бошланади. Шанба кунига келиб, ҳаво ҳарорати +30…+33 даражагача, Устюртда +23…+26 даражагача пасаяди. Шимолда ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Якшанба кунидан бошлаб қуруқ ва салқин ҳаво Ўзбекистоннинг барча ҳудудига тарқалади. Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундуз куни +32…+33 даражагача, Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида эса +22…+27 даражагача пасаяди.

Шунингдек, кейинги ҳафтанинг бошида совуқ антитциклон таъсири кучаяди. Бутун ҳудудда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати барча жойларда иқлимий меъёрларгача пасаяди, кечалари ва эрталабки соатларда +10…+13 даражани, кундуз кунлари +26…+29 даражани ташкил этади.