Дам олиш кунлари ҳаво жуда иссиқ бўлиши кутилмоқда

Бугун, 28 май куни Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши бошланади. Ҳаво ҳарорати 34-37 даража атрофида бўлади.

"Ўзгидромет" хабарига кўра, дам олиш кунлари жуда иссиқ об-ҳаво Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ҳаво ҳарорати 36-39 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 40-42 даражагача кўтарилади. Республика бўйича асосан кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат тоғли ҳудудларда куннинг иккинчи ярмида конвектив булутлилик ривожланиши билан баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ўтган йил май ойининг охирида шунга ўхшаш вазият кузатилган. Ушбу даврда республиканинг шимолида ва чўл ҳудудларида ҳаво ҳарорати май ойининг охири учун меъёрий қийматлардан 9-12 даражага кўп бўлди. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида энг иссиқ кунларда (26-28 май) ҳаво 41-43 даражагача, Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида баъзи жойларда 40-45 даражагача исиган. 26-27 майда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва Навоий вилояти чўл ҳудуди бўйича баъзи жойларда метеокузатувларнинг барча қаторлари учун май ойи ҳароратининг янги рекордлари ўрнатилди.