Давлат хизматлари қамрови қачон ошади? Тезкорлиги-чи?

Бугунги кунда давлат хизмати турлари 157 тага етди. Самарқанд вилоятида улардан кунига ўртача 2 минг нафардан ортиқ аҳоли фойдаланмоқда. Йил бошидан 11 май кунига қадар вилоятдаги давлат хизматлари марказлари орқали 141 661 та хизмат кўрсатилди.

Шунингдек, шу даврда 11 639 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган. Шундан, 3 905 таси  юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган кичик бизнес субъектлари бўлса, 7 734 таси якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлардир.

Албатта, бу рақамлар ўз-ўзидан келиб чиқаётгани йўқ. Бунда вилоятнинг барча туман, шаҳарлари марказларида қад ростлаган замонавий, шинам ва барча шароитларга эга давлат хизматлари марказларининг тўлиқ фойдаланишга топширилганлиги аҳолига қулайлик яратмоқда. 

Президентимизнинг 10 май куни давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлигига оид тақдимот билан танишуви ҳамда мазкур жараёнда соҳага доир кўплаб муаммоларни кўтариб, янги вазифаларни белгилаб бергани ўз ишимиз ва фаолиятимизга янгича дунёқараш билан қарашимиз кераклиги, айниқса, ҳудудларда аҳоли манфаатларини кўзлаб, давлат хизматларини кўрсатишда ўзига хос тажрибани қўллашимиз зарурлигини кўрсатди.  

Тақдимот давомида давлатимиз раҳбари давлат идораларининг халқимизга хизмати одамларни рози қилишнинг асосларидан бири эканлиги, қайси қишлоқда, маҳаллада қайси хизматга эҳтиёж борлигига қараб, шунга шароит яратиш кераклиги ҳамда қайси хизматларни арзонлаштириш, қайсиларини бепул қилиш масаласини таҳлил этиб, аҳолига енгиллик ва қулайлик яратиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Хўш, бу борада Самарқандда қандай ишлар амалга оширилди?

Айни пайтда туман (шаҳар) марказларидан олис ҳудудлар, яъни Қўшработ туманидаги Жонбулоқ, Нуробод туманининг Саҳоба, Паст Дарғом туманининг Олтиқаҳрамон, Самарқанд туманидаги Қайнама, Каттақўрғон шаҳрининг Ингичка ҳамда Ургут туманининг Жартепа қишлоғида давлат хизматлари марказларининг шохобчалари фаолият юритиб келмоқда. Ташкил этилган филиаллар барча замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, марказ ходимлари томонидан аҳолига ҳафтада икки кун тезкор, қулай ва шаффоф давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилган. Жорий йилда бундай шохобчалар сони яна бир нечтага ортади.

Аниқроқ айтганда, Пайариқ туманининг Имом Бухорий ҳамда Пахтачи туманининг Қарнаб ота маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ана шундай шохобчалар мустақиллик байрами арафасида ишга туширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, одамларга янада қулайлик яратиш мақсадида чекка ва олис ҳудудлардаги почта алоқа бўлимларида ҳам электрон давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда вилоят марказидан олисда жойлашган Қўшработ туманидаги 2 та, Пахтачи туманидаги 4 та ҳамда Пайариқ туманидаги 3 та почта алоқа бўлимларида фуқароларимиз 10 дан ортиқ давлат хизматларини ўзлари яшаб турган қишлоқлардан чиқмасдан олиш имконига эга. Йил якунигача Қўшработ туманидаги 10 та, Пахтачи туманидаги 9 та ва Пайариқ туманидаги 12 та почта алоқа бўлимларида ҳам шу сингари хизмат турларини кўрсатиш кўзда тутилган. Бу қамров вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич давом эттирилади.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, хорижий тажриба асосида 2021 йил якунига қадар давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 200 тага етказилиши, барча 716 та давлат хизматини инвентаризация қилиб, уларнинг муддатлари, тўлов миқдорлари, шартлари ва бошқа талабларини соддалаштириш бўйича кўрсатма берди. Бу масалалар бежиз тилга олинмади. Чунки кўплаб ривожланган давлатларда фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими аллақачон рақамлаштирилган. Биз эса бунга энди ўтаяпмиз. Яқиндан бошлаб, хизматлардан фойдаланиш тизими янада енгиллаштирилди. Жумладан, 450 дан ортиқ қонун ҳужжатида белгиланган 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ва тадбиркорлардан талаб қилиш бекор қилинди. 1 июндан фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилиши, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олиниши белгиланди.

Шунинг учун вилоятимизда фуқаролик ҳолати далолатномалари архивидаги 6 миллион 525 минг 864 дона қоғоз шаклидаги маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига электрон рақамли имзо калитини олишда қулайлик яратилиб, улар ушбу жараёнда тўловларни нақд пул кўринишида ҳам амалга оширишлари мумкин. Албатта соҳадаги янгиликлар шулар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Улар сон жиҳатидан ҳам, сифат жиҳатидан ҳам анча юқори.

Мақсуд Қурбонов,

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи.