Доҳадан Самарқандгача...

Доҳа шаҳрида “Ўзбекистон – Қатар” халқаро туризм форуми бўлиб ўтди. Туризм қўмитаси ва мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги элчихонаси кўмагида ташкил қилинган мазкур анжуман ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, сайёҳлик салоҳиятимизни Яқин Шарқда тарғиб қилиш, соҳа вакиллари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун замин яратади. Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, етакчи сайёҳлик ва авиа компаниялари, инвестиция ва савдо институтлари вакиллари иштирок этган тадбир доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти – ЮНЕСКО Жаҳон мероси объектлари, ўзига хос туризм йўналишлари, лойиҳалар ва инфратузилма, диний, тиббий ва экотуризм имконияти акс этган “Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси” тақдимоти ўтказилди.

Элчи Ашраф Хўжаев икки давлат ўртасидаги чуқур қардошлик муносабатини алоҳида таъкидлаб, энг аввало оила, эътиқод, урф-одат, инсоний ришталарга ҳурмат туйғуси сингари инсоний қадриятлар халқларимизни бирлаштириб туришига эътибор қаратди.

– Бугун Ўзбекистон ва Қатарни нафақат дипломатик муносабат, балки асллик, ўзига хослик ва маданий меросдан келиб чиққан, чуқур илдиз отган қадриятлар ҳам  боғлаб туришини тасдиқлаш учун маданият ва илиқлик шаҳри – Доҳанинг юрагида турибмиз, – деди дипломатимиз.

– Бу галги форум шунчаки тадбир эмас, балки Ўзбекистонни юрт ҳақидаги ҳикоялар, руҳияти ва одамлари орқали кашф этишга очиқ таклифдир. Қатардан ташриф буюрувчиларга тақдим этиладиган бой исломий мерос, ўзига хос меҳмондўстлик, ранг-баранг таомлар, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлар ҳамон ҳаёт ва тарих чорраҳасини бирлаштириб туради.

А.Хўжаев “Al-jazeera.net” телеканалига берган интервьюсида диёримиз кўплаб муҳим саёҳат манзилларини таклиф қилиши, мослашувчан ва меҳмондўст сиёсат туфайли 100 дан зиёд давлат вакиллари республикамизга визасиз кириши мумкинлигини қўшимча қилди. Доҳа ва Тошкент орасидаги масофа “Qatar Airways” авиакомпанияси мунтазам рейслари орқали бор-йўғи уч ярим соатни ташкил этишига урғу берди. Қатар сайёҳлик агентликлари ва барча ҳамкорларимизни Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан узоқ муддатли алоқа ўрнатишга, Янги Ипак йўли бўйлаб умумий келажакнинг бир қисми бўлишга чақирди.

Ишбилармонлар иштирокида ўтказилган B2B ва G2B учрашувлари соҳа мутахассислари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш, туризм маҳсулотини илгари суриш механизмини такомиллаштириш имконини беради. Қатар туроператорлари ва ОАВ ходимлари учун юртимизга танишув саёҳатлари ташкил этиш бўйича келишувга эришилгани ҳам анжуманнинг асосий натижаларидан бири бўлди.

Тадбир сўнгида Ўзбекистоннинг табиий ландшафти, меъморий ёдгорликлари, анъанавий ҳунармандлик буюмлари жамланган тарғибот фото кўргазмаси ҳамда асл ўзбек таомлари намойиш қилинди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА