Дунёдаги энг қашшоқ президент

У қандай яшайди, унинг яшаш тарзи бошқалардан нима билан фарқланади?

Бугунги шарҳимиз қаҳрамони замонавий тарихдаги энг қашшоқ давлат раҳбари Хосе Мухика.Зоҳидликда яшайдиган вегетариан,Уругвайнинг собиқ президенти бутун бир тизимни бузди. Хосе президент қароргоҳига кўчиб ўтишдан бош тортди ва давлатни бошқарган даврида ҳам оилавий фермасида яшашда давом этди.

Ўз ватанида меҳр билан “Эл Пепе” лақаби билан танилган Хосе Мухика оддий президент эмас. 2010 йилда у лавозимга киришгач, қилган биринчи иши унга тайинланган резиденцияга кўчиб ўтишдан бош тортди. Мухика ҳашаматли вилладан кўра отасидан мерос қолган эски фермасини афзал кўрди.

Президент қандай яшайди?

Пойтахт билан унинг фермасини каттагина тупроқ йўл боғлайди. Хосе, рафиқаси ва иккита ити билан кичкинагина уйда яшайди.

Улар йиллар давомида гул етиштириб келади

Хосе боғ ва ерда ишлашни яхши кўради. Президент бўлгунга қадар у рафиқаси билан бирга, ёлланма ишчиларсиз сотиш учун турли хил гулларни етиштириб келган. Люсия (хотини) турмуш ўртоғи 1-рақамли сиёсий юлдузга айланганда ҳам севимли машғулоти билан шуғулланишда давом этди.

Кортежми? Йўқ, йўқ, шарт эмас!

Декларация қилинган мулк - фермасидан ташқари, Эл Пепе 1987 йилда ишлаб чиқарилган эски “Volkswagen - “жук” автомобилига эгалик қилади. Ушбу автомобилнинг нархи 1800 АҚШ долларини ташкил қилади.

Мухика президентлик маошининг 90 фоизини хайрия қиларди

Уругвай президентининг маоши қанча эканини биласизми? 12500 минг доллар. Президентлигининг беш йили давомида Хосе бу маблағнинг 90 фоизини хайрия ишларига сарфлаб келиб, дунёдаги энг камбағал (ёки энг сахий) президентга айланди. Шу тарзда унинг ойлик даромади ўша пайтдаги мамлакатда бўлган ўртача иш ҳақи  - 775 доллар даражасида қолди.

"Энг камбағал президент" ҳеч қандай ҳашаматни хоҳламади

Нега собиқ президентнинг молиявий имкониятлари бўла туриб, ҳеч қачон улардан фойдаланмади? Ҳар доим сўл радикал қарашларга эга бўлганлиги сабабли Хосе “баррикадалар”да 6 марта яраланган ва умрининг 14 йилини қамоқда, асосан бир кишилик камерада ўтказган. Бундай ҳаёт тажрибаси бўлажак сиёсий лидернинг дунёқарашига ўз таъсирини кўрсатган бўлса, ажабмас.

Аслида ким қашшоқ?

Собиқ президент бир баёнотда ўз фалсафасини қисқача ифодалади: “Одамлар мени энг қашшоқ президент деб аташади, лекин мен асло ўзимни камбағал ҳис қилмайман. Аслида фақат дабдабали яшаш учун ишлайдиганлар камбағалдир. Улар борига қониқмасдан, янаям кўпроқ нарсани хоҳлашади... Модомики, молингиз қанчалик кам бўлса, ўзингизни ривожлантириш учун кўпроқ вақт топилади”.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.