Дунёдаги Ўзбекистон ёхуд Ўзбекистондаги дунё баҳонасида Марказий Осиё ҳамкорлигига бир назар

Баъзан дунё харитасида ёнма-ён, бақамти яшаётган давлатларнинг ўзаро низолари ва урушларини кўриб ҳайрон бўламан: ахир улар Худонинг инояти билан кўп асрлар давомида бир жойда яшаб келяпти, бир ариқдан сув ичиб яшаяпти. Уларнинг ҳеч бири ҳеч қачон ўз ерини ташлаб кетмайди, демак, улар иноқ бўлиб яшашга мажбур. Бироқ, нима учундир бу ҳақиқат айримларга сабоқ бўлмаяпти.
Давлатимиз раҳбари ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ қўшнилар учун дарвозаларимизни очишга интилди. Ўша лаҳзаларда, айниқса, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси билан божхона постлари очилганида Марказий Осиё жонланиб қолди. Қўшнилар ҳам худди биздагилардек йўл тутдилар. Ва бориш-келишларимиз кундан-кунга мустаҳкамланиб бормоқда.
Биз тарихан Мовароуннаҳр, Туркистон, Турон бўлиб яшаганмиз. Динимиз, урф-одатларимиз, тоғу адирлар, чашмаю дарёларимиз бир. Либосларимиздаги айрим белгиларни ҳисобга олмасак, бизни юзимиз, юриш-туришимиздан ажратиб бўлмайди. Надоматлар бўлсинки, кейинги юз йиллик ичида ана шу бирлигимизга путур етди. Марказий Осиёда Туркистон мухторияти ўрнига янги республикаларнинг ташкил этилиши уларнинг мустақиллигидан кўра, ожизлигига сабаб бўлди: ҳар ким кўрпани ўзи томон тортишга интилди. Шу пайтгача кўринмаган ва бир-бирига ўхшаш урф-одатлар, менталитетлар «миллийлашиб» қолди.
Майли, келинг, тарихни қайтадан эсга олиб, воқеаларни муҳокама қилиб ўтирмайлик. Зеро, бу ҳақда жуда кўп айтиляпти, ёзиляпти. Бу ҳақиқатни жуда кўпчилик англаб етди, англаб етмаганларга эса тушунтиришнинг ҳожати йўқ. Бугунги асосий мақсадимиз – Яратганнинг инояти билан бизларга аталган ана шу она заминда яшаётган аҳоли ўртасида ҳақиқий биродарликни, ҳақиқий ҳамкорликни таъминлашдир.
Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли Марказий Осиёда ҳамкорликнинг янги босқичига эришилди: қўшма корхоналар кундан-кун кўпаймоқда, маданий, маърифий алоқаларнинг чек-чегараси йўқ. Бу ҳамкорликка Туркий давлатлар ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг машваратлари далда бўлмоқда. Шу сабабли қисқа муддат ичида айнан Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан минтақадаги жуда кўп чегаравий низоларга барҳам берилди.
Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё бирлашяпти, биргаликда жаҳон саҳнасига, хусусан, жаҳон бозорига интилмоқда. Яқинда Тошкентда «Марказий Осиё – 2050: барқарорлик ва умумий фаровонлик сари йўл» мавзусидаги биринчи минтақавий форумда минтақа келажаги муҳокама қилинди. Ушбу тадбир ҳужжатлари билан танишар эканман, анжуман қатнашчиларининг фикрлари менда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, таҳлилчи Азиза Умарованинг «Минтақа давлатлари алоҳида-алоҳида гапирса биз қизиқиш уйғотмаймиз. Ўзимизни нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё фуқаролари сифатида қабул қилишимиз учун минтақавий ўзига хосликни ишлаб чиқиш муҳим. Биз буни амалга ошириш қанчалик реал эканлигини баҳолашни давом эттирамиз», деган гаплари каминани ҳам бу борада фикр билдиришга чорлади. Табиийки, гап Марказий Осиёнинг 2050 йилгача бўлган ривожланиш сценарийлари устида бормоқда.
Албатта, икки аср давомида алоҳида-алоҳида яшашга, ўз манфаатини алоҳида ҳимоя қилишга ўрганган ўлкалар ва халқлар учун ҳам ҳамкорлик осон кечмайди. Ва бу ҳолат ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Биз Европа миқёсида Евроиттифоқнинг ўша минтақадаги давлатларга ижобий таъсирини, турли давлатлар халқларининг ҳамкорликка эришганлигини кўрдик. Демак, бу тажрибани ўзимизда қўлласак ҳам бўлади.
Ўзбекистон дунёга чиқяпти, халқаро муносабатларда ўз ўрнини топяпти. Ўз ўрнида дунё ҳам Ўзбекистонга интиляпти. Негаки, у ҳамма билан манфаатли шериклик, ҳамкорлик қилишга тайёр. Негаки, дунёнинг глобал муаммолари Ўзбекистон раҳбарининг бевосита ташаббуси ва жонкуярлиги туфайли ҳал этилмоқда. Қизиғи шундаки, бу муаммолар ечимига айнан Ўзбекистондаги форум ва учрашувларда ечим топилмоқда.
Назаримда, “Биз Марказий осиёликмиз!” шиорини шу минтақадаги фуқаролар онгига сингдириш, энг аввало, фидойи зиёлиларнинг вазифасидир. Бинобарин, жадид боболаримиз ўз вақтида айнан ана шундай шарафли ишни бажара олганлар. Фақат мустабид тизимгина уларнинг режаларини йўққа чиқарган.
Айтмоқчиманки, эндиликда Марказий Осиё бирлашган телевидениеси, радиоси, газеталарини ташкил этиш мавриди келди. Дарвоқе, устозим, Анвар Жўрабоев бош муҳаррирлик қилган “Марказий Осиё маданияти” босма нашри бизга тажриба бўла олади. Марказий Осиё давлатлари ўртасида мунтазам спорт мусобақаларини ўтказиш ҳам халқларимизнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббатини ошириши табиий. Кўриб турибмизки, сайёҳлик деярли барча қўшни давлатларимиз билан кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Бу ишни ҳам янги босқичга олиб чиқиш зарур. Аслида бу жараён жуда қизғин кетяпти. Масалан, биргина Самарқанднинг ўзида деярли ҳар ҳафта албатта қўшни республикалардан биридан маданий-маърифий йўналишда делегациялар келади. Биз самарқандлик адибларнинг қозоқ, қирғиз, тожик тилига ўгирилган ёки аксинча, у тиллардан ўзбек тилига таржима қилинган китоблари тақдимотларини ўтказяпмиз. Бундай тадбирлар, табиийки, қўшни давлатларда ҳам ўтказиляпти. Спорт бўйича очиқ чемпионатларимизга қўшни республиклардан вакиллар келишяпти. Айниқса, миллий байрамларни биргаликда нишонлаяпмиз.
Зиёлилар, таҳлилчилар жуда катта илмий хулосаларини давлат раҳбарлари, ўз ҳукуматлари олдига қўйсалар, ишонч комилки, бу ғоялар катта сиёсатнинг йўналишига айланади.
Биз қадимдан бир элмиз. Тилимиз турлича бўлса-да, битта дилда гапирганмиз ва бугунги кунда ўзимизни таништирганда ғурур билан «мен Маркази Осиёданман!» дея олишимизни жуда-жуда истайман.
Фармон ТОШЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.