Эл корига яраган инсон ҳақида китоб
Тошкент шаҳридаги «Fan ziyosi» нашриётида "Фидойилик — фазилат" деб номланган китоб нашрдан чиқди.
Унда қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ўз фаолияти давомида эл-юрт тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига муносиб ҳисса қўшган Мухтор Сатторовнинг ҳаёт ва меҳнат йўли ҳақида ҳикоя қилинади.
Паст Дарғом тумани Қуйи Дарғом қишлоғида туғилиб-ўсган Мухтор Сатторов қишлоқ хўжалигининг ҳақиқий фидойиси эди. У бутун меҳнат фаолияти давомида соҳани ривожлантириш, ер унумдорлигини ошириш, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш йўлида сидқидилдан меҳнат қилди.
Самарқанд вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган йилларида қишлоқ хўжалиги, хусусан, агрономлик соҳасини чуқур билиши, бой тажрибаси ва самарали меҳнати билан ўзининг бу касбга тасодифан кириб келмаганини амалда исботлади.
Ушбу даврда Мухтор Сатторов қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган кўплаб эзгу ва хайрли ишларга бошчилик қилди. Унинг меҳнати ва ташаббускорлиги муносиб баҳоланиб, кейинчалик Гўзалкент тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу, айни пайтда, тажрибали мутахассис, олим-агрономнинг амалий фаолиятига берилган юксак баҳо эди.
Мухтор Сатторов ҳокимлик лавозимидан сўнг ҳам ўз меҳнат фаолиятини тўхтатмади. У Паст Дарғом тумани ҳамда Самарқанд вилоятидаги бир қатор корхона ва ташкилотларда раҳбарлик вазифаларида ишлади. Қаерда ва қайси соҳада меҳнат қилмасин, ўзини лаёқатли раҳбар, етук мутахассис ва ташаббускор инсон сифатида намоён этди.
Жумладан, у Паст Дарғом туманидаги "Меҳр" фермер хўжалиги раиси, Самарқанд шаҳар табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи, вилоят "Пахтасаноат" ХАБ етакчи мутахассиси, "Улуғбек пахтатранс" МЧЖ директори ўринбосари каби масъулиятли лавозимларда фаолият юритди.
Мухтор Сатторовнинг ҳаёт йўли — ўз касбига садоқат, эл-юртга хизмат ва фидойиликнинг ёрқин намунасидир. Унинг ҳар бир лавозимдаги фаолияти ортида одамлар манфаати, соҳа тараққиёти ва юрт равнақига дахлдор эзгу мақсадлар мужассам эди.
Бундай инсонлар халқ хотирасида ҳамиша яшайди. Уларнинг қилган эзгу ишлари, эл-юрт равнақи йўлидаги меҳнати ва фидойилиги ҳеч қачон унутилмайди. Зеро, инсоннинг умри унинг эгаллаган лавозимлари билан эмас, балки халқ учун қилган хайрли ишлари билан қадрлидир.
"Фидойилик — фазилат" китоби ана шундай инсоннинг ибратли ҳаёт ва меҳнат йўлини ёритиши билан аҳамиятлидир.