Янги ўқув йили – янги мақсадлар сари

Бугун юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида илк қўнғироқ садолари янграб, янги ўқув йили бошланди.

Самарқанд шаҳридаги 1-сон ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!" шиори остида "Биринчи қўнғироқ" тадбири ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирок этди.
Ҳоким дастлаб Президентимизнинг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган байрам табригини ўқиб, эшиттирди. Сўнгра ёшларни пухта билим олиш ва хорижий тилларни ўрганишга чақириб, таълим сифатини янги босқичга кўтариш ҳамда фарзандлар таълим-тарбиясида ота-оналар масъулиятини янада ошириш муҳимлиги ҳақида гапирди.
1-сон ихтисослашган давлат умумтаълим мактабига илк бор қадам қўйган 105 нафар биринчи синф ўқувчисига 12 турдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкаси ва дарсликлардан иборат "Президент совғаси", IELTS имтиҳонидан юқори балл тўплаган ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.