Электр таъминотидаги муаммолар қачон камаяди?

- Аҳолини электр энергияси билан таъминлашдаги узилишлар қачон барҳам топади?
- "Ургут" ЭИЗ "Тинчлик" массивида электр энергияси тармоқлари қачон ишга тушади?
- Нима учун ҳанузгача истеъмолчиларга онлайн ҳисоблагич ўрнатиш ишлари якунланмаган?
Шу ва шунга ўхшаш саволларга вилоят Матбуот уйида журналистлар билан бўлиб ўтган анжуманда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вилоят филиали мутасаддилари томонидан жавоб берилди.
2025 йилнинг ўтган даврига қадар истеъмолчиларига 975,7 миллиард сўмлик электр энергияси етказиб берилиб, 1031,1 миллиард сўм маблағ ундирилган. Технологик йўқотишларни камайтириш, йирик фотоэлектр станциялар ва қуёш панеллари ўрнатиш ҳисобига 203,2 миллион кВт/соат электр энергияси иқтисод қилинган.
Аҳолини узлуксиз электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 8 та юқори қувватли янги куч трансформаторлари олиб келиниб, жами қуввати 143 минг кВа га етказилган. Бу эса бошқа ҳудудлардаги подстанцияларнинг қувватини ошириш билан бирга 220 мВт захира қуввати яратиш имкониятини ҳам берди. Манзилли дастурларга асосан 794.8 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи янгиланиб, 300 та турли қувватдаги трансформатор пунктлари ўрнатилди. 19870 дона эскирган симёғоч темир-бетон устунларига алмаштирилди.
- Ургут ЭИЗни электр энергияси билан таъминловчи “Ургут-2” подстанциясидаги 2 та 25 минг кВа ўрнига 40 минг кВа трансформаторлари ўрнатилиб, туман марказида 18 мВт захира қуввати яратилди, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вилоят филиали бош муҳандиси Илҳом Норбоев. - Паст Дарғом туманидаги кичик эркин иқтисодий зонага ҳам 2 та 16 минг кВа куч трансформаторли янги подстанция қурилди. Жомбой туманидаги “Назар” массивида 8 километр ҳаво тармоғи ва 25 минг кВа бўлган икки трансформаторли подстанция қурилмоқда.
Шунингдек, Иштихон туманидаги “Кўтарма”, Ургут туманидаги “Ўрамас”, “Тинчлик”, “Сариқтепа” массивларида ҳамда Самарқанд шаҳридаги “Хишрав-2” мавзесида юқори кучланишли электр узатиш тармоғини қуриш ва янги куч трансформаторлари ўрнатиш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда. Хусусан, Нуробод туманидаги эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ташкил қилинаётган тадбиркорлик субъектларининг электр энергиясига бўлган талабини қондириш мақсадида “Сазағон” массивида 1 та 40 минг КВА куч трансформатори ўрнатилди. Хусусан, "Ургут" ЭИЗ қарашли ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган "Тинчлик" массивида жорий йил якунигача янги трансформатор ўрнатилиб, электр энергияси тармоқлари тортилади.
Жорий йилда ҳам истеъмолчиларга электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 26 490 дона темир-бетон устунлар ҳамда 371 дона турли қувватдаги трансформатор пунктлари ўрнатиш, 1321,2 км электр узатиш тармоқлари тортиш ишлари белгиланган. Натижада аҳолининг узлуксиз электр билан таъминлаш имконияти янада ошади.
- Шунингдек, 3002,0 км электр узатиш тармоқлари ҳамда 1207 дона трансформатор пунктлари мукаммал, 6986,3 км электр узатиш тармоқлари ва 1963 дона трансформатор пунктлари жорий таъмирдан чиқарилади, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ қурилиш -монтаж дирекцияси вилоят бўлинмаси бошлиғи Рустам Олимов. – Вилоятимиз ҳудудидан ўтган 110 кВ кучланишли 66,2 километр электр узатиш тармоғи ва 7 та подстанция, 35 кВ кучланишли 10 километр электр узатиш тармоғи ва 5 та подстанция ҳамда 73,1 километр узунликдаги 0,4-10 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари янгидан қурилиши ва реконструкция қилиниши учун 463,5 миллиард сўм маблағ сарфлаш кўзда тутилган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.