Энди энг кам пенсия олувчиларга 20 фоиз қўшимча тўланади
Бошқа нафақа ва пенсиялар миқдорида ҳам ўзгаришлар бор.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 июндаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан пенсия таъминоти тизимига бир қатор ўзгартишлар киритилди.
Хусусан, 2021 йилнинг 1 июлидан бошлаб белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилди.
Бунда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади.
Шунингдек, белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 минг сўмга етказилади.
Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 минг 30 сўмдан 400 минг сўмга етказилади.
Бундан ташқари, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади.
Бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилиб, кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчи оилаларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз аъзоси учун нафақа миқдори 400 минг сўм ва кейинги ҳар бири учун 150 минг сўмдан қўшилади.
Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 минг 350 сўмдан 565 минг сўмга оширилади.
Қайд этиш лозимки, мазкур Фармон ижросини таъминлаш учун вилоят бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармаси ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.
Жумладан, дастлабки таҳлиларга кўра вилоятда иш стажи тўлиқ бўлмаган энг кам миқдорда (256 минг 675 сўм) пенсия олувчилар сони 25 минг нафардан ортиқ экан. Шунингдек, белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (565 минг сўмгача) кам, ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсия олувчилар 55 минг, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар 10 мингдан кўпроқ, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақасини олувчилар 17 минг, болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар 34 минг нафарни ташкил қилмоқда.
Албатта, бу рақамлар июль ойи ҳолатига яна ўзгариши мумкин. Негаки, ҳозирги кунда вилоятда бўйича ушбу тоифага тегишли барча пенсия ва нафақа олувчилар бевосита компьютер дастури орқали саралаб олиняпти. Июль ойидан уларга оширилган миқдорда пенсия ҳамда нафақа пуллари тўлиқ тўлаб берилиши таъминланади.
Абдурашид Раҳимов,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.