Пенсионернинг розилигисиз пенсияни нақд пул шаклидан пластик карта шаклига ўтказиш мумкинми?

Мен пенсиямни накд олиб келаётган эдим. Яқинда маҳалламизга банк ходимлари ҳар галгидек пенсияларимизни олиб келишди. Борсам, рўйхатда менинг исм-фамилиям йўқ экан. Нима учун, десам сизни пенсиянгизни пластик картага ўтказишган, дейишди. Менинг розилигимсиз шундай қилишлари мумкинми?

Юрист жавоби:

- Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарорига 1-иловада тасдиқланган «Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 140-бандига кўра, пенсионерларга пенсия ва бошқа тўловлар Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати ҳамда пенсия ва бошқа тўловларни етказиб бериш юклатилган ташкилот ёки тижорат банки ўртасида тузиладиган шартнома (келишув) асосида пенсионернинг хоҳишига кўра доимий яшаш ёки вақтинча турган жойидаги пенсия ва бошқа тўловларни етказиб бериш юклатилган ташкилот ёки тижорат банкнинг сайёр кассалари томонидан нақд пулда етказиб берилади (топширилади. Ёки пенсионернинг хоҳишига кўра, пул маблағларини банк картасига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади. 

Юқоридаги қоидага кўра, пенсияни нақдсиз шаклда пластик карта орқали тўлаш фақат сизнинг розилигингиз билан амалга оширилиши керак. 

Ушбу ҳолатда сиз пенсия тўловини нақд пул шаклида олиш учун ариза билан Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилишингиз лозим. Бунда ушбу маълумотлар тижорат банклари томонидан ўзаро ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон тарзда Пенсия жамғармасига юборилади.