Самарқандда “Ёш мобилографлар мактаби” ва “SMM maktab” лойиҳалари битирувчилари иштирокида тақдимот ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун Контент тайёрлаш маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят ёшлар ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда йирик корхона ва ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар, ОАВ ходимлари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирда замонавий медиа касбларига бўлган талаб, ёшларни SMM, мобилография ва рақамли контент яратишга ўргатиш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Тақдимот давомида лойиҳа тингловчилари томонидан тайёрланган медиа маҳсулотлар намойиш этилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунга қадар вилоятда 200 нафарга яқин СММ мутахассиси ва 100 нафардан ортиқ мобилограф тайёрланиб, уларнинг аксарияти медиа соҳасида ўз фаолиятини бошлаган.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган иш берувчилар ва тадбиркорлар ёш мутахассисларнинг ижодий ишлари билан танишиб, уларни ишга таклиф қилишди.
Якунда “Ёш мобилографлар мактаби” ва “SMM maktab” лойиҳаларини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга сертификатлар топширилди.
- “Ёш мобилографлар мактаби”да таҳсил олиш давомида мобилография соҳасида кўплаб янги билим ва кўникмаларга эга бўлдим, - дейди “Ёш мобилографлар мактаби” битирувчиси Муниса Низомова. - Айниқса, телефон орқали сифатли фото ва видеолар олиш, уларни монтаж қилиш, ижтимоий тармоқлар учун контент тайёрлаш бўйича амалий машғулотлар мен учун жуда фойдали бўлди. Энг муҳими, бу лойиҳа орқали ўзим қизиққан соҳада профессионал даражада ишлаш учун зарур тажрибага эга бўлдим. Бугунги тақдимотда ижодий ишларимизни намойиш этганимиз ва иш берувчилар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлганимиз бизни жуда руҳлантирди.