Эндиликда суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчининг автотранспортини ушлаб туриш тартиби бекор қилинади
Сенат томонидан “Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди.
Қонун билан жами 6 та қонун ва 3 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 6-моддаси маъмурий жавобгарлик тўғрисида қарорлар қабул қилиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари чиқариб ташланмоқда.
Шунингдек, мазкур кодексининг 291-моддасига, транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартибига ўзгартиш киритилмоқда.
Эндиликда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда уларнинг автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби бекор қилинади.
Маъқулланган Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач, расмий кучга эга бўлади.