Агроном ва мутахассислар халқаро стандартлар бўйича ўқитилмоқда
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қанчалик даражада сифатли бўлиб, таъм-маза жиҳатидан юқори баҳоланса-да, халқаро бозорда унга бўлган талабни ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш учун турли халқаро стандартлар ва сертификатлаш тизимларини жорий этиш энг муҳим жараёнлар ҳисобланади.
Шундан келиб чиққан ҳолда Халқ банки “Қўшработ-агро стар”, “Ангор-агро стар” корхоналари томонидан майизчилик ва сабзавотчилик соҳаларига “GLOBAL G.A.P.”, “Organic”, Сифат менежменти тизими халқаро стандартларини жорий этишни йўлга қўйиш ва кенгайтириш мақсадида корхоналар агрономлари, мутахассислари учун 2 ҳафталик тренингларга старт берилди.
Ушбу тренинглар халқаро стандартларни жорий этиш ва сертификатлаш, соҳада аудитларни ўтказиш бўйича тажрибали хорижий мутахассислар Диего Родригез ҳамда Анил Садич томонидан олиб борилмоқда.
Д.Родригез соҳада фаолиятини 2000 йилда бошлаган, ҳозирда дунёнинг 52 та мамлакатларида ўз ҳамкорларига хизмат кўрсатиб келаётган “Агрисерт” компанияси (Португалия), Анил Садич эса соҳада фаолиятини 2018 йилда бошлаган, ҳозирда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларида ўз ҳамкорларига хизмат кўрсатиб келаётган “Натурсерт” компанияси (Туркия) мутахассислари ҳисобланади.
Тренинг якунидаги имтиҳонлар асосида иштирокчиларга юқорида санаб ўтилган 3 та халқаро стандартлар бўйича етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар билан иш олиб бориш ваколатини берувчи ҳамда халқаро даражада қабул қилинувчи сертификатлар берилади.
Шерзод Сувонқулов.