Фаол тадбиркорнинг тажрибалари ўрганилади
"Булунғур-Сандвик" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона вилоятимиздаги мева-сабзавотни қайта ишловчи йирик қувватлардан бири ҳисобланади.
2020 йилда ташкил этилган корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиради, аҳолидан харид қилади, қайта ишлайди ва экспорт қилади. Корхона раҳбари Носир Юсуповнинг Булунғур туманидаги Гулистон маҳалласи аҳолиси билан ўтказган учрашувида ҳудуд аҳолиси, тумандаги ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар ва нуронийлар иштирок этди.
Тадбиркор учрашувда корхона фаолияти, ҳудуд аҳолиси бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, жаҳон бозорларига сифатли маҳсулотлар етказиб бериш борасидаги ишлар, тажрибалари билан фикрлашди.
Корхона раҳбари тадбиркорликка қизиқувчиларни ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш, шогирдлар тайёрлаш, соҳа сирларини ўргатиш ва юртимизда ишбилармонликни риможлантириш борасида ҳамкорликка таклиф этди.
Маълумот учун: ушбу корхона йил бошидан буён 3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди ва бу кўрсаткични йил якунигача 7 миллион долларга етказиш имкониятлари мавжуд.
Учрашувга йиғилганлар тадбиркорликка оид саволларига жавоб олди. Н.Юсупов эса қизиқувчиларга соҳа сирларини ўргатиш учун тайёр эканини билдирди. Тадбиркорнинг тажрибалари оммалаштириладиган бўлди.