Фарғоналик веломарафончи отахонлар 800 километр масофани босиб Самарқандга келди
31 март куни Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидан йўлга отланган 27 нафар кайвони отахонлар бугун Самарқанд шаҳрига етиб келди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбир асосида йўлга чиққан веломарафончи отахонларни Регистон майдонида кенг жамоатчилик вакиллари кутиб олди.
Меҳмонларга вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Нуруллаев Самарқандгача велосипедда келгани учун алоҳида миннатдорчилик билдириб, келгусида бу ташаббусни самарқандликлар ҳам амалга оширишини айтиб ўтди. Уларга эсдалик совғаларини топширди.
- Самарқандгача қарийб 800 километр масофани босиб ўтдик, - дейди 66 ёшли отахон Юсуфжон Рустамов. – Биз бу ерда қолиб, икки-уч кун давомида тарихий обидаларни зиёрат қиламиз. Узоқ масофага биринчи марта чиқдик, шу пайтгача Наманган, Андижон вилоятларини 200 километр масофагача босганмиз. Келгусида велосипеддаги саёҳат ҳамда зиёратимизни Қирғизистоннинг Ўш вилоятига режалаштиряпмиз.
Ҳусан Элтоев.