Самарқанд хайрия эковеломарафон тадбирига мезбонлик қилади
Вилоят матбуот уйида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафони қатнашчиларининг 28-29 май кунлари Самарқанд вилояти бўйлаб ҳаракатланишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Давлат Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган веломарафон ҳақида вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев ҳаракатланиш йўналишлари билан таништирди.
Таъкидланишича, экологик хайрия веломарафонга соат 9:00 да Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов кўчасидан старт берилади. Икки кунга мўлжалланган веломарафоннинг биринчи кунида иштирокчилар 55 километр масофани босиб ўтади. Шу куни Самарқанд шаҳридаги “Ёшлик” истироҳат боғида “Мўйноққа мадад” веломарафон иштирокчилари ва кенг жамоатчилик учун хайрия концерти ташкил этилади. Марафоннинг иккинчи куни эковеломарафон иштирокчилари “Регистон-Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи” йўналишидаги 50 километр масофани босиб ўтади.
Шунингдек, веломарафон давомида иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги Улуғбек расадхонаси, Афросиёб музейи, Хўжа Дониёр, Ҳазрати Хизр, Шоҳи Зинда мажмуаларида, “Бибихоним” масжиди, Регистон майдони, Амир Темур мақбараларида ҳам бўлишади.
- Хайрия марафонидан тушган маблағлар Мўйноқ туманидаги “Алиовул” овулини обод қилиш, суғориш-ирригация тизимларини яхшилаш, тоза ичимлик суви тармоғини тортиш, иш ўринлари яратиш ва аҳолининг бошқа муаммоларини ҳал этишга йўналтирилади, - дейди Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ахборот хизмати раҳбари Акбаржон Абдураимов. – Шунингдек, бу тадбир Оролнинг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва бошқа шўрга чидамли ўсимликлардан иборат бутазорлар барпо этилиши, ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, жамоатчилик эътиборини экологик муаммолар ечимига қаратиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Ҳусан Элтоев.