Самарқанд шаҳри хотин-қизлари ўртасида веломарафон ўтказилди (фото)

“Барқарор ва инклюзив транспортни ривожлантиришда аёлларнинг ўрни” шиори остида ташкил қилинган веломарафонда корхона-ташкилотлар, таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларнинг 200 нафардан ортиқ ҳаваскор хотин-қизлари иштирок этди.

Веломарафон қатнашчилари вилоят мусиқали драма театри олдидан старт олиб, Университет хиёбони бўйлаб 3 километр масофада ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Якунда 87-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мухлиса Санақулова маррага биринчи, енгил атлетика ва ўйин турларига ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Шаҳзода Ҳамидова иккинчи, 35-мактаб ўқувчиси Рушана Байкова учинчи бўлиб етиб келди.

Шунингдек, Боғишифо маҳалласида яшовчи Дилфуза Гулямова “Энг ёши улуғ иштирокчи”, Чўмчуқли маҳалласидан Ҳилола Қодирова “Ғалабага бўлган интилиши учун”, Самарқанд шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилноза Бурхонова “Энг ёш веломарафончи” номинациялари совриндорига айланди.

Ғолиблар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси, жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жасур Нурманов.