Сайёр қабул: саккиз соатда 550 мурожаат рўйхатга олинди

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев томонидан вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва бошқа масъуллар иштирокида Иштихон туманида сайёр қабул ўтказилди. 

Саккиз соат давом этган қабулда нафақат Иштихон тумани, вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ҳам фуқаролар вилоят раҳбарларига ўз мурожаатлари, таклифларини билдирди.

Мисол учун, Азиз Раббимов қабулда ўзи истиқомат қилаётган маҳалла аҳолиси номидан иштирок этди. Гап шундаки, Иштихон тумани Зарбулоқ маҳалласи аҳолисини бир неча йилдирки ичимлик суви билан боғлиқ муаммо қийнаб келади. Вилоят раҳбарига мурожаат қилингач, ушбу масала ҳал этилиб, аҳолининг зарурий эҳтиёжи бўлган ичимлик суви билан боғлиқ муаммога ечим қилинди.

Фотима опа Донабоева ўзига тегишли дала ҳовлисининг ярмини бошқа бир фуқаро зўрлик билан эгаллаб олганини билдириб, эр-хотин иккиси ҳам имконияти чекланган шахс эканлиги боис ерни қайтариб олишда кўмак сўради. Мурожаатни тегишлилиги бўйича кадастр ва бошқа ташкилотлар кўриб чиқиб, масалага қонуний баҳо бериладиган бўлди.

Самарқанд шаҳар Беруний кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида савдо дўконлари очиб, кўча қисмидан ҳам жой қўшиб олиб фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ходимлари қўшимча қурилган жойларни бузишни сўрашаётганини билдирди. Вилоят раҳбари “Қурилиш қилинганлиги ҳақида ҳужжат борми?”, дея тадбиркорларга юзланганида улар “йўқ”, дея жавоб беришди. Шунда Адиз Бобоев энди бу каби ноқонуний қурилишга чек қўйилиши, бунга қонун йўл қўймаслигини тушунтирди.

Умуман, сайёр қабулда фуқаролар томонидан бандлик, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, уй-жой, моддий ёрдам олиш, таълим контрактини тўлашга кўмаклашиш, банк кредити ажратиш, яшаш шароитларини яхшилаш, субсидиялар ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ишга тиклаш, суд қарори ижросини таъминлаш, тиббий хизматлар, шу жумладан, мураккаб жарроҳлик амалиётлари орқали юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш каби масалаларда мурожаатлар қилинди.

Барча мурожаатлар тегишли тартибда рўйхатга олиниб, ечими вақт ва катта ресурс билан боғиқ бўлмаган аксарият масалалар жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. Шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга доир масалалар жойида соҳа мутасаддиларига йўналтирилди.

Таҳлилларга кўра, сайёр қабулда 550 га яқин мурожаат рўйхатга олинган.