Самарқандда яна бир замонавий истироҳат боғи қурилади

Вилоят раҳбари А.Бобоев топшириғига асосан Самарқанд шаҳридаги “Ватанпарвар” маҳалласида жойлашган 7 гектар майдонда замонавий “Неопарк” номли янги истироҳат боғи қурилмоқда.
Ҳудуддаги 100 тупга яқин кўп йиллик манзарали дарахтлар орасида қуриб қолган 10 туп дарахт кесилиб, ўрнига 400 тупга каштан, арча ва бошқа гул кўчатлари экиладиган бўлди.
Жорий йилнинг август ойида бошланган боғнинг қурилиш ишларида 60 нафардан зиёд қурувчилар, замонавий махсус техника ва машиналар ишлаяпти. Айни вақтда боғ ҳудудидаги самолётни бошқа жойга кўчириб, ўрнига “Америка тоғлари” аттракциони ўрнатиш учун жой ҳозирланмоқда. Шунингдек, айланма карусель, аквапарк, бассейн ва сузиш ҳавзалари учун сувдан фойдаланиладиган аттракционларнинг ҳам жойлари тайёрланмоқда.
- Барпо этиладиган истироҳат боғида аксарият дарахтларга шакл берилиб, сақлаб қолинади, ҳудудда 4 гектар қўшимча яшил майдонлар барпо этилади, - дейди “Фаровон Туркман СИТИ” МЧЖ иш бошқарувчиси Бекзод Маҳмудов. – Имкони борича илгари қурилган объектларга зарар етказилмайди. Уларнинг меъморий қиёфаси ва қурилишини сақлаб қолган ҳолда қайта реконструкция қилиниб, улардан самарали фойдаланиш мақсад қилинган.
Барча аттракционлар безаклар ва безаш элементлари, тўсиқлар, ёритгичлар, чодирлар, айвонлар, ҳимоя экранлари, павильонлар, шунингдек, инсон ҳаёти учун хавфсиз бўлган бошқа мосламалар билан таъминланади.
- Боғимизда ишдан сўнг оилавий келиб мириқиб дам олиш учун барча шароитлар яратилган эди, - дейди Ватанпарвар маҳалласида яшовчи Бобур Хўжамқулов. – Яқинда замонавий танк, тўп, қирувчи самолёт ва бошқа жанговар машиналарнинг макетлари, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Бобур, Баҳодир Ялангтўш каби номи юртимиз довруғини жаҳонга таратган фидойи саркардаларнинг сиймолари ёш авлоднинг ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга улкан хизмат қилишини ўйлаб, боғимизни бузилишини эшитиб ҳайрон бўлган эдик. Аммо лойиҳа билан танишиб чиққач, улар сақланиб қолишини ва ёнига қўшимча 72 метрлик чархпалак, 2 та автодром ва картинг зали, “Америка тоғлари” номли қизиқарли ўйин-аттракционлари ўрнатилиши билиб, хурсанд бўлдик. Энг муҳими, “Неопарк” шаҳримизнинг энг гавжум ва кўнгилочар масканига айланади.
Шунингдек, ёшлар учун замонавий кутубхона ва ўқув маркази, сунъий интеллект, 3D моделлаштириш, робототехника каби креатив тўгараклар ҳамда киберспорт ўйинлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, боғда музқаймоқ павильонлари, ёпиқ ва очиқ аттракционлар, фавворалар, совғалар дўкони, енгил тамаддихоналар спорт ва соғломлаштириш масканлари, жумладан, фитнес клуб, воркаут, оранжереялар, аҳоли учун турли дам олиш майдончалари барпо этилмоқда.
Замонавий паркда дам олувчилар учун 10 та айлана шийпонча ва 100 та ўриндиқ ўрнатилади. Шунингдек, янги боғнинг 5 та кириш дарвозаси бўлади. Истироҳат боғидан “Ҳазора” деҳқон бозорига ўтиш учун эса 20 метрлик ерости йўли ҳам қурилади.
Кеча-кундуз ишлаётган махсус юк ташувчи техникалар ёрдамида суғориш тизимлари ва дренаж иншоотлари учун ҳандақ қазилиб, кунига 500 кубометр тупроқ ташиш ишлари бажарилмоқда.
Аҳолининг келиши қулай бўлиши учун кириш йўлаклари, ерусти автотураргоҳлари ҳам ташкил этилади. Янги “Неопарк”ни 2026 йилнинг март ойида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.